Бишкек Ленин туман бир мандатли сайлов округида муддатидан олдин депутатлик сайлови 28-майда бўлиб ўтади. Тегишли қарорга 29-мартда президент Садир Жапаров қўл қўйди.
Муддатидан олдин сайлов ўтказишга собиқ депутат Жанибек Абировнинг кафедаги муштлашуви сабаб мандатини топширгани асос бўлди.
Президент сайлов ўтказишни ташкил қилиш бўйича МСКга топшириқ бериб, Вазирлар Маҳкамасини сайлов учун маблағ ажратишга ва давлат электрон тизимларини киберхавфсизлигини таъминлашга буюрди.
Бишкек шаҳар мерияси сайловчилар рўйхатини тузиш, уюштириш ва моддий-техник масалаларни ҳал қилиш бўйича сайлов комиссиясига кўмаклашади. Бош прокуратура эса сайлов вақтида қонунга амал қилинишини назорат қилади.
Бунга қадар 13-мартда Жанибек Абиров «кафеларнинг биридаги назоратчини калтаклагани» айтилиб, жамоатчиликда қизғин муҳокама қилинган. 27-мартда у депутатлик ваколатларини ўз истаги билан топширган.
Абиров бўлиб ўтган «воқеани жиддийлигини тушунганини ва қонун доирасида жавоб беришга тайёрлигини» таъкидлаб, шу сабаб ўз истаги билан депутатлик мандатини топширишга қарор қилган.
27-мартда Кампиробод иши бўйича қўлга олиниб, қамоқда ўтирган сиёсатчи Равшан Жеэнбеков Абировнинг ўрнига сайловга қатнашишини билдирган.
«Аввалги сайловда Абиров ҳукуматнинг кучи билан мендан устун келди. Мен ўша вақтда турмада ўтириб, иккинчи ўринни олганман. Ҳозир ҳам турмада ўтириб, қайта сайловга қатнашаман. Бу сиёсий кураш. Сиёсий курашни қайта давом эттиришимиз керак», — деб билдирди Жеэнбеков.