Кампиробод иши. Фаол Маматаев операциядан сўнг тергов изоляторига қайтарилди

194

Фаол ва Кампиробод иши бўйича гумонланувчи Улукбек Маматаев операциядан сўнг тергов изоляторига қайтарилди. Бу ҳақда Жазони ижро қилиш хизмати раҳбари Аскат Эгембердиев «Азаттиқ»қа маълум қилди.

Маматаевнинг адвокати Асел Аргимбаева фаол шифокорлар назоратида бўлиши кераклигини, шунинг учун уни ТИЗО-1 раҳбаридан Миллий госпиталга ўтказишни илтимос қилаётганини айтди.

«Шифохонадан энди бугун (29- мартда) чиқди. Уни яна тергов изоляторига олиб кетишди. [...] Мен 1-сонли тергов изолятори бошлиғига хат ёзиб, Маматаевни Миллий госпиталнинг урология бўлимига ўтказишни сўрадим. Ҳозирча жавоб олганим йўқ», — деди адвокат.

ТИЗОда сақланаётган Маматаев март ойи ўрталарида касалхонага ётқизилган. Унда ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулова Маматаевнинг ўт пуфагида «катта тош» борлигини, у ёрилиб кетиши мумкинлигини билдирган.

Маматаев Кампиробод иши бўйича тиббий операциядан сўнг тергов изоляторига қайтарилган ягона гумондор эмас. Ҳозирда Конституциявий суднинг собиқ судьяси Клара Сооронкулова ҳам шу ерда, гарчи шифокорлар уни бошқа қамоқда сақлашни тақиқлаган бўлса ҳам. Унинг иммунитети тушиб кетгани сабабли, пневмонияга чалингани маълум бўлган. Ҳуқуқ ҳимоячилари уни касалхонага ўтказишни талаб қилмоқда.

Кампиробод иши

2022-йилнинг октябрида Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан 30га яқин фаол ва сиёсатчи қўлга олинган. Куч органлари уларга «Оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёргарлик кўрган» деган айб қўйишган. Уларнинг  барчаси сув омборни Ўзбекистонга ўтишини очиқ танқид қилишгани қамоққа олишга асос бўлди деб ҳисоблашади.

Тергов Кампирободни ҳимоя қилиш бўйича қўмитанинг учрашувидан ёзиб олинган аудиога таяниб, улар тўлиқ масштабли митингларни уюштириб (буни давлат қонунлари тақиқламайди), ҳукуматни босиб олишни исташган деб айтмоқда.

Бироқ қўлга олинганларнинг бари тергов айтаётган қўмитанинг учрашувида бўлмаган ва бари мазкур қўмитанинг аъзоси эмас. Аммо барча фигурантларнинг айблов хулосалари бир хил. Уларнинг ҳаммаси бир хил қарорлар асосида тўрт ойдан бери ТИЗОда ўтирибди.