Депутат Абиров муштлашгандан сўнг ўз хоҳиши билан мандатини топширганини билдирди

181
Жанибек Абиров

Жогорку Кенеш депутати Жанибек Абиров «кафеларнинг бирида назоратчини калтаклагани» айтилиб, жамоатчиликда қизғин муҳокама қилинган воқеадан кейин ваколатларини ўз истаги билан топширди. Бу ҳақда 27-мартда билдирди.

Абиров бўлиб ўтган «воқеа жиддийлигини тушунаётганини ва қонун доирасида жавобгарликка тайёрлигини» таъкидлади. Шу сабаб бу воқеани «таҳлил қилиб, чуқур мулоҳаза билан, ўз истаги билан» депутатлик мандатини топширишга қарор қилганини айтди.

«Албатта, бу қарорни қабул қилиш осон бўлмади, сабаби пойтахтимизнинг Ленин туманидаги 11 минг 813 сайловчи менга ишониб, уларнинг давлат парламентидаги вакили бўлиш ҳуқуқини берган эди. Бироқ бўлиб ўтган воқеадан кейин Жогорку Кенеш депутати лавозимида ишлашга маънавий ҳуқуқим йўқ деб ҳисоблайман», — деди Абиров.

Шунингдек, у калтакланиб касаклхонага тушган Арген Жекшенов билан унинг оиласидан, сайловчилар ва жамоасидан кечирим сўради.

Абировнинг депутатлик мандатини топшириш учун ёзган аризаси. Сурат: Жанибек Абировнинг фейсбук саҳифаси

Назоратчини калтаклаш

Шу йилнинг 12-мартида ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ эркаклар муштлашган видео тарқалган. Унда «Короче» телеграм канали номаълум одамни калтаклаётган киши халқ вакили Жанибек Абировга ўхшашини ёзган.

Октябрь туман милицияси 12-март тунги соат 03:30 атрофида номаълум одам Элебаев кўчасида жойлашган ресторанларнинг бирида жамоат тартиби ва ахлоқ нормаларини бузиб, фуқарога тан жароҳати етказганини билдирган.

Милициядан мазкур факт маълумот журналига рўйхатга олиниб, терговгача текширув ишлари бошланганини, шунингдек воқеанинг барча иштирокчилари аниқланганини билдирган. Аммо видеодаги депутат Абиров ёки у эмаслиги ҳақида маълумот бермаган.

13-мартда президентнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев Жогорку Кенеш депутати аралашган муштлашув бўйича давлат раҳбари хабардор эканини, бу ишни ҳар томонлама текширишни топширганини айтган.

«Клооп» видеодаги киши депутат Жанибек Абиров ёки у эмаслиги ҳақидаги маълумотни аниқлаш учун депутатнинг ўзи билан боғланишга ҳаракат қилган, лекин натижа бўлмаган.

Абировнинг кечирим сўраши 

Халқ вакили 14-мартда қирғизистонликлардан кечирим сўраб, Фейсбукка пост ёзиб, мазкур воқеани текшираётган ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари билан ҳамкорлик қилиб, керакли маълумот беришга тайёрлигини билдирган.

Шу куни депутат Абиров иштирокидаги муштлашувга боғлиқ «Бебошлик» моддаси билан қўзғалган жиноят иши асосида қидирув ишлари олиб борилиб, 35 ва 36 ёшдаги икки киши гумондор қатори қўлга олинган.

Kaktus.Media нашри куч структураси ходимларига таяниб, улар Олий суднинг собиқ раисаси Жанил Алиеванинг ўғли Данияр Аксамаев ва бунга қадар Бишкек мериясининг муниципал мулк департаменти директорининг ўринбосари бўлиб ишлаган, Жогорку Кенешга сайловда Абировнинг расмий вакили Эрбол Пазилов эканини ёзган эди.