Боткенликлар қурилиш компаниялар усталарга меҳнат ҳақини тўламагани учун қурилиш ишлари тўхтаб қолганини «Клооп»га айтиб шикоят қилишди. Уларнинг уйлари 2022-йили 14-17-сентябрда бўлган қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли можарода жабрланган.
16-мартда Боткен вилоят маъмуриятидан «Клооп»га вилоят бошчиси Абдикарим Алимбаев Ак-Сай қишлоқ ҳукуматининг турғунлари билан учрашиб, қурилиш бошқармасига муаммони ҳал қилиш учун топшириқ берганини билдиришди.
Боткендаги уйларни қайта тиклашга масъул «Аманат Курулуш Инвест»нинг бош прорапи Кудайназар Жолматов усталарнинг ҳақи тўланади деб ваъда берди.
«Эрим хавотир бўлиб юриб, инсульт бўлиб қолди»
Қирғиз-тожик чегарасидаги тўлиқ масштабли қуролли можарода Ак-Сай қишлоқ ҳукуматига қарашли Капчигай қишлоғининг 70 ёшли турғуни Шарипа Кудайбердиеванинг ўзини ва тўрт ўғлининг уйи тўлиқ ёниб кетган. Бу ҳақда у 16-мартда «Клооп»га билдирди.
Унинг айтишича, ҳозирда уй ўғлининг уйи битириб берилган, ўзининг ва яна бир ўғлининг уйини қурилиши икки ойдан бери тўхтаб қолган. Бунга Кудайбердиеванинг сўзи бўйича жавобгарлик юкланган «Доор» қурилиш компанияси усталарга «икки ойдан бери усталарга маошларини бермаётгани» сабаб бўлмоқда.
«Пудратчилар усталарга ойлик маошларини бермай, икки ой йўқ бўлишди. «Шуни берса ишлаймиз» деб туриб олишди. Бизнинг уйни усти ёпилиб, сирти сувоқ қилинган, ичига гипсокартон ўрнатилган, лекин эшик-дераза, ювиниш хонаси — ҳеч нарсаси битмаган. Қисқаси ичидаги ишларнинг ҳаммаси қолган. Қапчиғайда 20дан ортиқ уй «Доор» деган фирманинг қўлида экан. Бари шу ҳолда», — деб билдирди Кудайбердиева.
У бугунги кунгача Боткен шаҳрига қарашли Базар-Баши кварталда турмуш ўртоғи, бир ўғли ва унинг ҳомиладор аёли билан ижарада яшаётганини айтди.
«Чолим 80га кирган, хавотир бўлиб инсульт бўлиб қолди. Шу менга оғир келди. Бўлмаса сабр қилиб ўтирган эдик. Ўзим Қаҳрамон онаман, тўққиз болам бор. Уйларни эртароқ битириб, кетган харажатларни тўлаб беришса, ҳеч кимдан даъвойим йўқ», — деди у.
Кудайбердиева 15-мартда уйининг қурилиши кечикаётган турғунлар президентнинг Боткен вилоятидаги вакили Абдикарим Алимбаевга арзларини айтишган ва вилоят раҳбари «16-мартда усталар яна ишни давом эттиришларини ваъда қилди», бироқ ўзи узоқда бўлгани сабаб ҳозирча усталар бор ёки йўқлигидан хабардор эмаслигини қўшимча қилди.
«Деворлар қийшиқ, сифатсиз»
Капчигай қишлоғининг яна бир турғуни Карамат Марданаева 16-мартда «Клооп»га интервью бериб, унинг ҳам уйини қураётган усталарга маош берилмай, усталар ишини ташлаб кетишганини билдирди.
Жанжал сабаб Марданаеванинг икки ўғлининг ва ўзининг уйи тўлиқ зарар кўрган. Шунингдек, ҳозирги уйининг қурилиши кўнгилдагидай бўлмаётганини айтди.
«Ҳозир уста йўқ, [уй] дераза ўрнатилган, усти ёпилган бўйича турибди. Усталар келиб, уч кун ишлаб, яна кетиб қолишди. Уларга бориб, «қурилиш бир қўлдан чиққани яхши, келинглар» десак, ойлик берилмаётганини айтишди. Кейин янги усталар келиб, «бачок йўқ» деганига бачок етказиб берсак, улар ҳам 2-3 кун ишлаб кетишди. Ҳозир ҳеч ким йўқ. Болаларимнинг бири бориб, «деворлар умуман ночор, қийшақ-пийшақ экан» деб айтиб келди», — деб билдирди Капчигай қишлоғининг турғуни.
Марданаева бугунги кунда оиласи билан Боткен шаҳрида ижарада яшамоқда. У жанжалда уйининг ёнидаги дўкони ҳам куйиб кетганини айтиб, унга тўланувчи компенсация бўйича вилоят маъмуриятига мурожаат қилгани билан ҳеч қандай жавоб бўлмаётганидан норози бўлди.
«Ўзим микроинсульт бўлиб, 2-гуруҳдаман [ногиронлигим бор]. Дўконим бор эди, тўлиқ ёниб кетиб, 350 минг сомлик зарар бўлди. Кимга мурожаат қилишни билмаяпман, губернаторга борсам жавоб йўқ. Йўқ деганда дўкондан дори, уколларимга пул чиқиб турса [яхши бўларди]”, — деди Марданаева.
Марданаеванинг ҳамқишлоғи Равшанбек Зулпукаров ҳам уйларнинг қурилиш сифати стандартга тўғри келмаётганини айтиб, маош берилмагани сабаб усталар алмашиб, қурилиш кечикаётганини таъкидлади.
«Бари келиб пулга тақаляпти, аванс бериб қўйишар экан. Пойдеворида бошқа уста, бўёғида бошқа уста, штукатуркада бошқа уста. Уларга ҳам раҳмат, ўзбек қардошлар ҳам бор, улар ҳам бола-чақамни боқай деб келишяпти. Ҳукуматдан талабим, халқ билан давлат берган пул тугаб, халқ ҳозир қийналяпти. Асосийси ҳозир маблағ бериб туришса», — деб таъкидлади Зулпукаров.
Самаркандек қишлоқ ҳукуматининг Паски-Арик қишлоғининг турғуни Улукбек Балтабаев ҳам «Клооп»га уйини қураётган усталар ҳақ тўланмагани сабаб бир ойдан бери келмаётганини, уйи эса тўлиқ битмай, қишда кўтарилган деворларнинг айрим жойлари «ҳозирдан тушиб қолганини» айтди.
«Усталар турғунлардан қарзга озиқ-овқат олишга мажбур»
«Интербилим» халқаро марказининг Ўшдаги филиалининг юристи Нуркиз Жанишбекова «Клооп»га Боткендаги уйларни қайта тиклаш ишлари билан танишганини билдирди. У усталарга маош тўлаш кечикаётганини тасдиқлаб, шу билан бирга бир қанча турғунлар қурилиш сифатидан шикоят қилишганини ҳам билдирди.
«Қапчиғайда 50дан ортиқ уйнинг қурилиши битмаган. [...] Шунингдек, турғунлар уйларнинг сифатидан шикоят қилиб, айрим уйлар проект билан архитектура стандартларига мос келмаслигини билдиришди. Масалан, бир яшовчи ювиниш хонасида плиткалар шифтгача бўлиши кераклигини, қурувчилар эса деворнинг ярмигача қўйишганини айтди. Бундан ташқари, яна бири септикни уйга яқин қазиб қўйишганини, қолаверса 15 метр ҳам масофа йўқлигини таъкидлади», — деди «Интербилим» халқаро марказининг юристи.
Шунингдек, Жанишбекова ҳозирда қурувчиларнинг асосий муаммоларидан бири озиқ-овқат бўлаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, усталар «қишлоқ яшовчиларидан озиқ-овқатни қарзга олишга мажбур» бўлмоқда.
«Бир турғуннинг айтишича, унинг қурувчиларини гўштдан қарзи 70 минг сомга етиб қолибди. Бу «Доор» компаниясига тегишли бўляпти. Кейин яшовчилар компенсация қачон тўланиши ҳақида сўраб, дала ишларини бошлаб, кўчиб бориши кераклигини айтишди. Ҳозир улар ижарани тўлашга қийналишмоқда», — деди Жанишбекова.
Маҳаллий ҳукумат қандай фикрда?
Президентнинг Боткен вилоятидаги мухтор вакилининг матбуот котиби Кундуз Жоробекова Абдикарим Алимбаев 15-мартда Қапчиғай қишлоғининг яшовчилари билан учрашганини айтиб, қурилиш бошқармасига бу масалани ҳал қилиш бўйича топшириқ берганини маълум қилди.
«Клооп» бу масалага боғлиқ вилоят Капитал қурилиш бошқармасининг етакчиси Дуйшобек Жалилов билан боғланишга ҳаракат қилиб, ундан жавоб ололмади.
Боткенда уй қуриш мажбуриятини олган «Аманат Курулуш Инвест»нинг бош прорапи 15-мартда Кудайназар Жолматов «Т-Медиа» телеканалига изоҳ бериб, «Доор» қурилиш компанияси билан текширув олиб борилишини таъкидлади.
«Компанияни топиб, ўша ерга олиб борамиз ва болаларнинг [усталар] маошини тўлаб беришга кафолат берамиз», — деб билдирди Жолматов.
Ўтган йилнинг 22-сентябрида президент Садир Жапаров совуқ тушгунча қисқа вақт ичида зарар кўрган уйларни қайта тиклашни, тўлиқ бузилган уйларнинг ўрнига янгиларини қуришни топширган. Лекин боткенликлар уйларни қайта тиклаш кечикаётганини айтиб, депутатлар қурилишга масъул «Аманат Курулуш Инвест»ни жавобгарликка тортишни таклиф қилган.