Депутат қатнашган муштлашув: Жогорку Кенешда Абировнинг иши бўйича комиссия тузилди

144

15 мартда Жогорку Кенешда Бишкекдаги ресторанларнинг бирида фуқарони калтаклади дейилган депутат Жанибек Абировнинг иши бўйича комиссия тузилди. Унда депутатни жиноий жавобгарликка тортишга рухсат бериш ёки бермаслик масаласи қаралади.

Комиссиянинг таркибига Дастан Бекешев, Замирбек Мамасадиков, Айгул Айдарова, Бахридин Шабазов, Замирбек Мамасадыков, Медербек Саккараев, Жусупбек Коргонбай ўғли, Фархад Алимжанов, Мурадил Сидиков ва Бактибек Чойбеков кирди.

Абировни жавобгарликка тортишга рухсат бериш бўйича депутатлар комиссиясининг қарори 10-30 кун ичида чиқарилади. Кейин масала парламентнинг йиғинида кўриб чиқилиб, овозга қўйилади.

Бунгача прокурор Курманкул Зулушев Жанибек Абировни жиноий жавобгарликка тортиш учун Жогорку Кенешдан рухсат сўраган. Абиров депутатлик дахлсизликка эга ва уни жавобгарликка тортиш учун парламентнинг розилиги керак.

Бош прокурорнинг ўринбосари Умут Конкобаева Абировга боғлиқ иш алоҳида текширувга олинганини маълум қилди. Унинг айтишича, жиноят иши бўйича 6-7 одам гумонланиб, иккиси қўлга олинган.

Бу орада айрим нашрлар ўз манбаларига таяниб, депутат иштирок этган муштлашда жабрланган одам аризасини қайтиб олиб, даъвосидан бош тортганини ёзишди. Бишкек шаҳар милициясидан бу маълумот аниқланаётганини билдиришди.

АКИpress нашри муштлашувнинг янги ҳолатлари ҳақида ёзди. Унда Абиров жабрланувчи ҳушидан кетишига қарамай калтаклаб, сочидан судрагани айтилади. Бунинг натижасида жабрланувчининг бош мияси чайқалиб, кўзи жабрланган ва бурни цинган.

Депутат иштирокидаги муштлашув

12 мартда ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ одамлар муштлашган видео тарқалиб, унда номаълум одамни калтаклаётган киши депутат Жанибек Абировга ўхшаши айтилган.

Октябрь туман милицияси 12 март тунги соат 03:30 атрофида номаълум одам Элебаев кўчасида жойлашган ресторанларнинг бирида жамоат тартиби ва ахлоқ нормаларини бузиб, фуқарога тан жароҳати етказганини билдирган.

13 мартда президентнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев Жогорку Кенеш депутати аралашган муштлашув бўйича давлат раҳбари хабардор эканини, у бу ишни ҳар томонлама текширишни топширганини айтган.

14 мартда Бишкек шаҳар милициясидан «Клооп»га депутат Абиров қатнашгани айтилган муштлашувда гумондор қатори икки киши қўлга олинганини билдиришган.

Kaktus.Media нашри куч структураси ходимларига таяниб, улар Олий суднинг собиқ раисаси Жанил Алиеванинг ўғли Данияр Аксамаев ва бунга қадар Бишкек мериясининг муниципал мулк департаменти директорининг ўринбосари бўлиб ишлаган, Жогорку Кенешга сайловда Абировнинг расмий вакили Эрбол Пазилов эканини ёзган эди.

Муштлашувдан икки кун ўтиб, 14 март куни депутат қирғизистонликлардан кечирим сўраб Фейсбукга пост ёзган.

«Мен халқ вакили сифатида қандай ҳолат бўлмасин, ҳиссиётга берилмаслигим керак эди. Ҳа, мен катта хато қилдим, катта айб бўйнимда бор ва вазиятни изга солиш учун барча имкониятларимдан фойдаланишга тайёрман», — деб ёзган Абиров.