Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистонга вақтинчалик бормасликни илтимос қилди

153

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларга Тожикистонга вақтинчалик бормасликни илтимос қилди. Сабаби, «Тожикистон томони расмий хабарсиз мамлакатга киришни чекламоқда». Вазирлик шундай мурожаатни 14-март куни эълон қилди.

«Қирғизистоннинг Тожикистондаги элчихонаси маълумотларига кўра, Душанбе шаҳридаги халқаро аэропортга етиб келган вақтда, чегара назорати вакиллари Қирғизистон фуқароларини киритмаяпти. Бундай вазиятда авиачипталарни харид қилиш ва транзит зонада қайтиш парвозини кутиш билан боғлиқ қўшимча молиявий харажатлар юзага келади», — дейилади ТИВ хабарида.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги аввал ҳам фуқаролардан Тожикистонга бормасликни билдирган. Муассаса 2022-йилнинг октябрь ва декабрь ойларида шундай таклиф билан чиққан эди.

Вазирлик бунга сабаб Қирғизистон фуқароларига нисбатан чекловлар давом этаётгани билан изоҳлаган.

Шу билан бирга, Қирғизистон 2021-йил май ойида Тожикистон фуқароларининг кириш-чиқишига вақтинчалик чекловлар жорий қилган эди. Қирғизистон ҳудуди орқали транзит ташишга ҳам чекловлар жорий этилган.

Ўша пайтда бош вазир бўлган Улукбек Марипов чекловлар икки давлат чегарасидаги муаммолар ҳал этилмагунча давом этишини айтган. 2022-йил сентабрида «Манас» аэропорти матбуот хизмати «Клооп»га ушбу чеклов ҳозир ҳам кучида эканини маълум қилган.