«Ҳеч қандай қийноқлар бўлмаган». Қамоқдаги Тенгиз Болтурук хотинининг айтганларини инкор қилди

125
Тенгиз Болтурук суд залида. Сурат: Айбек Бийбосунов / Azattyk

«Қумтор»нинг собиқ ташқи бошқарувчиси, айни вақтда қамоқда ётган Тенгиз Болтурук Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий марказнинг ходимларига қийноққа учрамаганини айтди. Бу ҳақда 10-мартда миллий марказ билдирди.

«Миллий марказ вакиллари билан бўлган учрашувда Тенгиз Болтурук аёлининг сўзларини инкор қилиб, ҳеч қандай қийноқлар бўлмаганини билдирди», — дейилади Қийноқларнинг олдини олиш миллий марказининг маълумотида.

Бунга қадар Болтурукнинг аёли Илмира Алписбаева 9-мартда турмуш ўртоғининг нафас олиш органлари жабрланганини билдирган.

У аввалроқ прокуратура биносида Болтурукни айбини тан олиш учун хонага қамаб, бир неча соат давомида кишанлаб қўйишганини айтган.

Болтурук МХДҚнинг ТИЗОсига киритилган, суднинг охирги қарорига кўра, у 10-майгача қамоқда бўлади.

«Қумтор» раҳбарларининг қўлга олиниши

Тенгиз Болтурук «Кумтор Голд Компанини» 2021-йилнинг 17-майидан бошлаб бошқарган — мана шу куни ҳукумат конга ташқи бошқарувни киритган.

2022-йилнинг 24-августида Вазирлар Маҳкамаси Болтурук «Қумтор»нинг ташқи бошқарувчиси лавозимидан четлатилганини маълум қилган. Бу Ҳисоб палатаси коннинг ишида моддий қонунбузарлик аниқлангандан кейин бўлган.

Ўтган йилнинг 13-сентябрида бош прокуратура Қумтор конини ишлатган «Кумтор Голд Компани»нинг фаолиятини текшириш натижасида уч жиноий иш қўзғатилганини билдирган. Компания давлатга 1 млрд долларга яқин зарар келтиргани айтилган.

Ўша куни кечда Бош прокуратуранинг тергов бошқармаси Тенгиз Болтурук билан раҳбариятнинг икки вакилини қўлга олган.

Болтурук эса ўзига нисбатан қўзғалган жиноят ишини «абсурд» деб атаб, қўл остидагиларнинг ҳаммаси учун жавоб беролмаслигини билдирган.

Шу йилнинг 27-февралида Тенгиз Болтурук ишхонадаги коррупцияни бартараф қилолмагани учун президент Садир Жапаровдан кечирим сўраб, шафқат қилиш илтимоси билан хат ёзган. Болтурук зарур бўлса Канадага кетишга ҳам тайёрлигини айтган.