13-мартда Халқаро ТУРКСОЙ ташкилотининг бош котиби, қирғиз ёзувчиси Султан Раев Туркиянинг зилзиладан вайрон бўлган ҳудудига ёрдам сифатида юборилган қирғиз бўз уйларининг суратини эълон қилди.
Суратда бўз уйнинг ичида парталар тизилиб турганини ҳамда ўқувчилар дарс қилиб ўтирганини кўрса бўлади.
«Бўз уйларнинг ҳар бирида жабрланган одамлар яшайди … Бўз уйда ўқувчилар дарс ўтишмоқда. Бизнинг бўз уйларда тиббиёт пункти, психологик ёрдам ва овқатланувчи жойлар бор. Турк қардошларимиз «Энг қулай бўз уйлар экан!» дейишди», — деб билдирди Раев.
Бунга қадар туркиялик мухолифатчи Кемал Киличдароглунинг тарафдорлари зилзиладан жабрланган ҳудудга ёрдам сифатида юборилган қирғиз бўз уйларига қойил қолишган ва қатор тизилган бўз уйлар суратини эълон қилишган.
Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги Туркияга жами 127 бўз уй, 2 кийгиз контейнер ҳамда еттита стандарт палата жўнатган.
Шу билан бирга Қирғизистон Туркияга ёрдамга ФВВнинг 182 ходимини жўнатган. Улар — 6 шифокор, 5 бўз уй ясовчи, қолгани бўлса ФВВнинг қутқарувчилари. Қутқарувчилар зилзила юз берган ҳудудда жами 8 кишини вайроналар остидан соғ олиб чиқиб, 198 кишининг жонсиз танасини топишган.
6-февралда Туркия ҳамда Сурияда икки марта қаттиқ зилзила юз берган ва 50 мингдан ошиқ киши вафот этиб яна минглаган кишилар жабрланган. Табиий офат туфайли минглаган бинолар бутунлай яроқсиз ҳолга келган.
Қирғизистон ҳукумати Туркиядаги зилзиладан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун депозит ҳисобини очган ва бугунги кунгача бу ҳисобга 103 млн сомдан ортиқ маблағ келиб тушган.
Зилзилада Туркиянинг Адана шаҳрида яшаган бир қирғиз фуқароси жабрлангани ҳамда яна бир фуқаро вайроналар остида қолиб вафот этгани маълум бўлган.