Давлат аёллар ўзини хавфсиз сезиши учун яна кўп ишлар қилиши керак — Бекешев

226

Депутат Дастан Бекешев аёлларни халқаро байрам билан табриклаб, бу кун биргина гул, ширинлик ва бошқа нарсаларни тақдим қиладиган кун эмас, балки эркаклар ва аёллар ўртасидаги тенглик учун курашиш куни эканини ҳам ёдга солди.

Бекешевнинг айтишича, ҳукумат аёллар 8 мартда ва бошқа кунларни хавфсиз ва қувончли туйғулар билан кутиш учун кўп ишларни қилиши керак.

Айниқса, бирорта ҳам аёл билимсиз бўлмаслиги керак, бирорта ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари аёлларга зўравонлик бўлганда жиноятни ёпиб, яширгани учун жазосиз қолмаслиги керак деб ҳисоблайди халқ вакили.

Бундан ташқари, Бекешев аёллар «турмуш ўртоғига ишониб» уйда ўтириши керак деган сўзларни пропаганда қилишни тақиқлаб, аёлларга бизнес очишга имтиёзли насиялар бериш кераклигини айтди. У аёллар ишлаб, болаларининг ёрдам пулларини кўпайтириб олиш учун бепул боғчаларни очиб, ёлғиз оналарни сўз билангина эмас, моддий томондан ҳам қўллаш керак деб ҳисоблайди.

«Аёлларнинг халқаро куни билан. Худо насиб қилиб, давлат тепасидаги эркаклар 8 мартни гул беришга сабаб бўлган кун қатори қабул қилмайдиган кунга етайлик», — деб ёзди Бекешев.

Оиладаги зўравонлик ва фемитсид

2021 йили Қирғизистон дунёдаги аёлларнинг фаровонлиги ва хавфсизлиги бўйича глобал индексда 97-ўринни эгаллаб, Марказий Осиё минтақасида аёллар учун энг хавфли давлат деб топилган.

Шунингдек, Amnesty International 2021 йили Қирғизистонда оиладаги зўравонлик «кенг тарқалган» бўлганини таъкидлаган. Ташкилот баёнотида жабрланганлар тажовузкорларга иқтисодий томондан тобе бўлгани учун ва гап-сўздан қўрққанидан милицияга мурожаат қилмаслиги айтилган.

ИИВ 2021 йили оиладаги зўравонлик 10 мингдан ортиқ ҳолати рўйхатга олинганини билдирган.

Оиладаги зўравонни реал жазога тортиш жуда қийин — кўп ишлар маъмурий жавобгарлик сифатида қабул қилиниб, айбдор жарима тўлаш билан қутилиб кетади. Зўравон жазога тортилмаслигини яхши билгани сабаб зўравонлигини давом эттираверади.

Доим бўлиб турадиган оиладаги зўравонлик аёлларнинг эрлари, фуқаролик никоҳида бирга яшаган одамлари ёки собиқ ҳамкорлари томонидан ўлдирилишига олиб келади. Одам ўлдиришнинг бу тури фемитсид деб аталади.