Бир кадр билан: Ўшдаги эски кўприкда аёлларга нисбатан зўравонликка қарши плакат илинди

165
Фото: Бекболсун Қайипов / Клооп

Ўшда 8-март куни шаҳар марказидаги эски кўприкка «Зўравонликни тўхтат!» деб ёзилган чақириқ плакати илинди. Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши плакат маҳаллий фаоллар Мадина Салайдинова ва Инобат Султонова томонидан ёзилган.

Уларнинг айтишича, сўнгги йилларда Қирғизистонда аёлларга нисбатан зўравонлик кўпайган ва улар жиноятчилар жазоланмай қолаётганига эътибор қаратиш мақсадида акция уюштирган. Фаоллар февраль ойида Бишкекда аёл ва унинг икки фарзанди шафқатсизларча ўлдирилганини бунга мисол қилиб келтиришди.

Ҳар йили аёллар ҳуқуқлари учун кураш куни муносабати билан республиканинг йирик шаҳарлари – Ўш ва Бишкекда ҳамжиҳатлик учун тинч юришлар ўтказилади.

Бугун Бишкекдаги анъанавий тинчлик марши Каба уулу Кожомкул номидаги спорт саройидан бошланиб, Инқилоб қаҳрамонлари ҳайкали ёнида якунланди. Тинчлик маршида 500 дан ортиқ киши қатнашди.

Марш иштирокчилари «Озод қиз, озод Қирғизистон!» ва «Зўравонликка йўл йўқ!» деган чақириқлар билан юришди.

Шу билан бирга, Биринчи май туман ИИБнинг ходими, милиция полковники йиғилганларга марш давомида жамоат тартиби ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишни эслатиб, хотин-қизларни байрам билан табриклади.

Қирғизистонда ҳар йили аёллар ҳуқуқларига бағишланган маршлар ўтказилади. 2022-йилда марш Бишкек ва Ўшда бўлиб ўтди. Маршнинг асосий мавзуларидан бири аёлларнинг урушга қарши бирдамлиги эди.

Маршлар давомида провокацион ҳаракатлар содир бўлмай қўймади. Бишкекда 2020-йилги тинчлик марши бошланишидан олдин номаълум ниқобли одамлар ташкилотчиларга ва иштирокчиларга ҳужум қилган. Милиция провокаторларни ҳибсга олиш ўрнига акцияга келган аёллар ва қизларни ҳамда бошқа иштирокчиларни ҳибсга олган.

Ўш шаҳрида эса милиция марш ўтказмоқчи бўлган фаолларга огоҳлантириш бериб, натижада юриш амалга ошмай қолган.