Ак-Ордо участкасидаги уйи бузилган аёлга қайта уй қурила бошлади

184

Тўрт боласи билан яшаётган уйи суд ижрочиларининг қарори билан бузилган Ак-Ордо участкасининг яшовчиси Марал Шаболотовага шу ерга уй қурила бошлади. Бу ҳақда уй эгаси «Азаттиқ»қа айтди.

Шаболотовага 8-мартда президент администрациясидан қўнғироқ қилиб, эски уйи ўрнига келишни билдиришди. Унинг  айтишича, ер участкасини қонуний олгани ва талашаётган қўшниси Толкун Самудинованинг қизил китоби яроқсиз экани тасдиқланган.

«Мен тўрт болам билан вақтинча квартирада яшайман, бу ерга ҳукумат томонидан киритишди. Бугун 8-мартдан бошлаб эски уйнинг таги тозаланиб, ўрнига янги уй қуриш ишлари бошланди. Мен бунгача еримни ер амнистиясига мувофиқ хусусийлаштиришни ниятида ҳужжатларимни тўплаган эдим», — дейди Шаболотова.

Шунингдек, халққа, оммавий ахборот воситаларига миннатдорчилик билдирди.

Марал Шаболотованинг уйи қўшниси ёзган ариза асосида 1-март куни бузилиб, тўрт боласи билан «кўчада қолган». Инсофли одамлар томонидан вақтинча яшаш учун бўз уй тиклаб берилган.

Олий суддан Шаболотова уйни ноқонуний қуриб олган деб билдиришган. Ҳукумат вакиллари воқеани қонунийлигини текширишини айтиб, Вазирлар Маҳкамасининг раиси Акилбек Жапаровнинг ёрдами билан янги уй қуриб беришни ваъда қилишган.

5-мартда президент Садир Жапаров Ак-Ордо участкасига бош прокурор Курманкул Зулушев билан бирга келган. У уйи бузилган Марал Шаболотовага Бишкекдан уй беришни ваъда қилган.

6-мартда эса Садир Жапаров «Ер ҳуқуқий муносабатларни изга солиш ҳақидаги» қонунни бажарилиши бўйича ишчи йиғин ўтказиб, Чуй вилоятидаги мухтор вакилини ва Сўқулуқ тумани ҳокимини ишдан бўшатишни топширган.

Шунингдек, йиғинда «Ер амнистиясини олиб бориш тартиби ҳақидаги қонунни тасдиқлаш ҳақидаги» низомнинг 27-пунктини олиб ташлаш масаласини кўриб чиқишни топширган.