Новкен: Ер участкаларни ноқонуний сотаётган икки маҳаллий депутат қўлга олинди

205

Жалолобод вилояти Новкен туманида «яйлов» категориясидаги ер участкаларини ноқонуний сотаётган маҳаллий депутатлар қўлга олинди. Бу ҳақда 1-мартда «Клооп»га МХДҚдан билдиришди.

Маълумотларга кўра, хусусий турар-жой қуриш учун ер участкаларини ноқонуний сотаётган барқарор коррупцион схема аниқланган. Олиб борилган тезкор-текширув ишлари давомида Новкен қишлоқ кенгашининг икки депутати қўлга олинган.

Улар «яйлов» категориясидаги ер участкаларга сохта ҳужжатларни тайёрлаб, 100 минг сомдан 180 минг сомгача сотишган. Шу билар бирга, Новкен қишлоғи ҳукумати биносидан 300 дан ортиқ сохта қарорлар топилгани айтилмоқда.

Айни пайтда мазкур схемага алоқадор барча шахсларни топиш бўйича ишлар олиб борилмоқда, давлатга етказилган зарар ҳисоблаб чиқилмоқда.

Аввалроқ, 24-февралда Сузоқ тумани архитектура бўлими мутахассиси қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун мўлжалланган иккита ер участкасини қурилиш учун ноқонуний равишда сотиб юборгани аниқланган эди.

У ерларни сотишда одамларни воситачи қилиб, Сузоқ қишлоқ ҳукуматининг сохта қароридан фойдаланган. Унинг иш жойини кўздан кечириш чоғида, Сузоқ қишлоғидаги ер участкаларини сохталаштириш белгилари бўлган 200 дан ортиқ ҳужжатлар топилган.