27-февралда Бишкекда Айзада Канатбекова ҳақида «Дагы ким?» номли ҳужжатли фильмнинг тақдимоти бўлди. Фильм 2021-йили апрель ойида мажбурлаб уйланиш мақсадида ўғирлаб кетиб, сўнгра бўғиб ўлдирилган Айзада Канатбекова ҳақида.
Фильмни режиссёрлар Нуржамал Карамолдоева ва Султан Усубалиев тасвирга олган. Фильм яқин орада халқаро кинофестивалларда намойиш қилина бошлайди.
«Бахтга қарши ўлкада аёлларга нисбатан жиноятлар кундан-кунга ортиб бормоқда. Буни фемицид дейди. Мен бу каби жиноятлар аниқ бир аёлга нисбатан бўлади дегандан узоқман. Бу оилага, қариндош-уруққа, миллатга қарши бўлади. Шу сабаб ҳар бирингиз «Дагы ким?» деган саволни беришдан олдин ўзингиз бўлишингиз мумкин эканини тушунишингиз керак», — деди Карамолдоева. Ҳозирда Айзаданинг оиласи уни қидиришда лоқайдлик қилган милиционерлар қонун доирасида жавобгарликка тортилиши учун курашмоқда. Бу иш қиз ўғирлаб ўлдирилгандан кейин қўзғалган, бироқ тергов ҳали якунланмаган.
«Яна бир бор айтаман, бу ҳаммага сабоқ бўлиши керак. Бу нарсалар яна такрорланмаслиги учун. Айзададан кейин энди бундай бўлмасин деб умид қиламан. Умид холос. Милиция яхши ишласа дейман. Эртами кечми суд адолатли бўлади деб ишонаман», — деб билдирди марҳум Айзаданинг холаси Бактигул Шакенова.
Айзада Канатбековани ўғирлаб, кейин ўлдирилиши
Айзада Канатбекова 2021-йилнинг 5-апрелида тонгги соат 5да ўғирланган. Жиноятни кўчада илинган камералар тасвирга олган. 7-апрелда Бишкекка яқин жойдаги даладан автомашина топилган, унинг ичида қизнинг жасади бўлган. Ўша машинада, Айзадани олиб қочган Замирбек Тенизбаевнинг ҳам жасади бўлган.
Милиция Тенизбаев қизни бўғиб ўлдириб, кейин ўз жонига қасд қилган деб билдирган. Кейин Тенизбаев Канатбековани ўлдиришдан олдин зўрлагани аниқланган.
Қиз ўлгандан кейин милиция Канатбековани ўғирлашда қатнашганларни қўлга олган. Уларнинг бари 6,5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилинган.
Айзада Канатбекованинг ўлимига боғлиқ жиноий иш уни ўғирлаб, кейин ўлдирган Замирбек Тенизбаев вафот этгани сабаб тўхтатилган.