Ўлкада 8-мартдан бошлаб маст ҳолда машина бошқарган ҳайдовчилар бир йилга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинади. Бу ҳақда 24-февралда ИИВнинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бош бошқармасидан билдиришди.
Маълумотга кўра, олдин маст ҳолда машина бошқарганлар жаримага тортилиб, жамоат ишларига жалб қилинган бўлса, энди бир йилга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинади. Агар маст ҳолда бўлиб, ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқ бўлса, уч суткагача қамалади — олдин 15 минг сом жарима тўланар эди.
Ҳайдовчи наркология текширувидан ўтишдан бош тортса, уч кунга, агар гувоҳномаси йўқ ҳайдовчи бош тортса, беш суткагача қамоққа олинади.
Патрул милициясидан маст ҳолда аварияга учраган ҳайдовчилар ҳам бир йилга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинишини қўшимча қилишди. Агар ҳайдовчи бу муддат тугагандан кейин яна маст ҳолда машина бошқарса уч йилга гувоҳмасидан айрилади.
Ўтган йилнинг декабрида Жогорку Кенеш маст ҳолда машина бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаларидан маҳрум қилиш бўйича қонун лойиҳасини маъқуллаган.
ИИВнинг «Йўл хавфсизлиги ҳақидаги» қонунни ўзгартириш лойиҳасида йўл ҳалокатларининг асосий уч сабаби айтилади:
Тезликни ошириш (кўтариш);
Олдинда кетаётган машинани қувиб ўтиш ва қарама-қарши томонга чиқиш;
Машинани маст ҳолда бошқариш.
Шу сабаб мазкур уч қоидани бузганларга нисбатан жазони кучайтириб, ҳайдовчилик гувоҳномасидан уч йилдан кам бўлмаган муддатга маҳрум қилишни таклиф қилинган.
ИИВнинг маълумотига кўра, 2017-2021-йиллар оралиғида ўлкада 32 369 йўл ҳалокати содир бўлган. Натижада тўрт мингдан ортиқ одам вафот этиб, яна 49,6 мингтаси жабрланган.