Чет эллик фуқарога ҳазил қилган пранкер кечирим сўради

201

Бишкекда чет эллик фуқаро билан ҳазиллашган пранкер халқдан ва хорижликлардан кечирим сўради. У мурожаатини 23-февралда ижтимоий тармоқларга жойлаган. 

«Чет эллик фуқарони олган видео тасвирим жамоатчиликда салбий фикрларга сабаб бўлди. Шунинг учун кечирим сўрайман. Бундан бошқа ёмон пранкларим бўлса, қирғиз халқидан ҳам кечирим сўрайман. Бошқа такрорланмайди. Худо хоҳласа. Чет эллик фуқаро касал эканини билмаганман, акс ҳолда бундай қилмасдим, яқинига ҳам бормасдим», — деди у мурожаатида. 

Бунгача ижтимоий тармоқда номаълум йигитни чет эллик фуқарони масхара қилаётган видеоси тарқалган. Видеода воқеа Бишкек шаҳридаги ЦУМ савдо марказининг яқинидаги ер ости йўлида бўлганини кўриш мумкин. 

Йигит хорижлик фуқаронинг «Милиция чақираман. Яқинлашма» деганига қарамай, томошасини давом эттирган. Бу видеони ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига «Пранк. Жакшы общение кылдык» деган шарҳ билан жойлаган. Кейин блогер видеони ўчирган.

Ижтимоий тармоқнинг айрим фойдаланувчилари йигитнинг видеосини провокация сифатида баҳолаб, уни жавобгарликка тортишни талаб қилишган.

Милициядан ҳозирда бу бўйича терговгача текширув иши олиб борилаётганини таъкидлашди. Ишнинг охирида блогернинг ҳаракатларига юридик баҳо берилиши айтилган.

Ижтимоий тармоқларда жиддий мавзуда пранк видео олиб, эълон қилганлар олдин ҳам бўлган. Ўтган йили Ўш шаҳридаги маҳаллий блогер дўстлари билан қиз ўғирлаб, кейин пранк эканини айтган. Милиция блогерга тегишли чора кўришга ваъда берган. 

Кейинчалик милиция формасини кийиб олиб, йўлда машиналарни тўхтатиб, ҳайдовчиларни масхаралаган икки бола ҳам милицияга тушунтириш хати ёзишган.

Блогер ва реклама берувчилар кўп ҳолларда ўзларининг видеолари билан салбий кўринишларни ёки реал жиноятни одатий нарса қатори кўрсатишга ҳаракат қилишади.

Кейин рекламанинг муаллифлари ҳам, рекламага буюртма берганлар ҳам бу шунчаки юмор деб ўзларини оқлашади, бироқ бундай томоша орқали жиноятни қонуний қилишаётганини тушунишмайди. Поп-маданият, реклама, ҳазиллар орқали жамиятда салбий кўз қарашларни шакллантиришади.