24-февралда «Ихсан» кооперативига пул бериб, уни ололмаган икки аёл ширкат офисига ўт қўймоқчи бўлган. Бу ҳақда Бишкекнинг Биринчи Май туман милициясидан хабар беришди.
24.kg нашри хабарига кўра, идорага бензин тўлдирилган канистр билан келган икки аёлларга қўриқчи тўсқинлик қилган. Натижада улар фақат дераза токчаси ва стулларга ўт қўйишган ва уларни идора ходимлари дарҳол ўчиришган.
Милициядан «Ихсан» ходимлари бу борада ариза беришдан бош тортганликларини аниқлашди. Бироқ бу факт ички ишлар органларида қайд этилиб, терговга қадар текширув ишлари бошланди.
«Ихсан» кооперативи
Ўтган йилнинг март ойидан бошлаб мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан «Ихсан» кооперативига шикоятлар туша бошлаган. Аҳоли ушбу кооперативга пул қўйганликлари, лекин ваъда қилинган мулкни ололмаганликлари ҳақида шикоят қилишган. «Ихсан» аъзолигидан чиққан аҳоли пулларини қайтариб ололмаган.
Жами зарар 121 миллион 313 минг 950 сомни ташкил қилган. «Ихсан» кооперативи бу маблағни қайтармаган.
Натижада мазкур кооперативга нисбатан Ички ишлар вазирлиги томонидан «Фирибгарлик» ва «Ишониб топширилган мулкни ўзлаштириш» моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Кооператив раҳбари Акинай Бекмурзаева эса 11 июлда ҳибсга олинган ва ҳозирда у қамоқда.
ИИВ мазкур кооперативда молиявий пирамида белгилари борлигини маълум қилган ва Қирғизистон фуқароларини унга қўшилмасликка чақирган. Шунингдек, улар кооперативга қўйилган маблағлар қайтарилмаслиги мумкинлигидан огоҳлантирган.
Шу пайтгача мазкур кооперативдан норози бўлган аҳоли бир неча бор митинглар ўтказган. Ваъда қилинган мулкни ололмаган кооператив аъзолари пулларини қайтариб беришни талаб қилишган. Шунингдек, улар мутасаддилардан бу ишни назорат қилишни сўраган.