Бишкек милицияси чет эллик фуқаро билан ҳазиллашган пранкерни қўлга олди

Милиция ходимлари Бишкекда чет эл фуқаросини масхара қилган пранкерни қўлга олиб, тергов бўлимига етказишди. Бу ҳақда «Клооп»га Биринчи май туман милициясидан билдиришди.

Маълумотга кўра, милиция ижтимоий тармоқни мониторинг қилиб, чет эл фуқаросини масхара қилган одамнинг видеосини аниқлаган.

 

Видеодан воқеа Бишкек шаҳридаги ЦУМ савдо маркази яқинидаги ер ости йўлида бўлганини кўриш мумкин. Унда номаълум йигит чет эллик фуқарога осилиб, уни масхара қилган. 

Йигит хорижлик фуқаронинг «Милиция чақираман. Яқинлашма» деганига қарамай, томошасини давом эттирган. Бу видеони ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига «Пранк. Жакшы общение кылдык» деган шарҳ билан жойлаган. Кейин блогер видеони ўчирган. 

Ижтимоий тармоқнинг айрим фойдаланувчилари йигитнинг видеосини провокация сифатида баҳолаб, уни жавобгарликка тортишни талаб қилишган. 

Милициядан ҳозирда бу бўйича терговгача текширув иши олиб борилаётганини таъкидлашди. Ишнинг охирида блогернинг ҳаракатларига юридик баҳо берилади. 

Ижтимоий тармоқларда жиддий мавзуда пранк видео олиб, эълон қилганлар олдин ҳам бўлган. Ўтган йили Ўш шаҳридаги маҳаллий блогер дўстлари билан қиз ўғирлаб, кейин пранк эканини айтган. Милиция блогерга тегишли чора кўришга ваъда берган. 

Кейинчалик милиция формасини кийиб олиб, йўлда машиналарни тўхтатиб, ҳайдовчиларни масхаралаган икки бола ҳам милицияга тушунтириш хати ёзишган. 

Блогер ва реклама берувчилар кўп ҳолларда ўзларининг видеолари билан салбий кўринишларни ёки реал жиноятни одатий нарса қатори кўрсатишга ҳаракат қилишади. 

Кейин рекламанинг муаллифлари ҳам, рекламага буюртма берганлар ҳам бу шунчаки юмор деб ўзларини оқлашади, бироқ бундай томоша орқали жиноятни қонуний қилишаётганини тушунишмайди. Поп-маданият, реклама, ҳазиллар орқали жамиятда салбий кўз қарашларни шакллантиришади.