Ўнг рулли машина ҳайдаган такси ходимлари норозилик акциясига чиқишди

212

21-февралда Бишкекда рули ўнг томонда бўлган машиналар билан такси хизматини тақиқланишига қарши бўлган ҳайдовчилар акцияга чиқди. Унга ўнлаган киши қатнашди.

Норозиликка чиққанлар президентга ва Жогорку Кенеш депутатларига мурожаат қилиб, муаммони ижобий ҳал қилиб беришни илтимос қилишди. 

Улар ҳайдовчиларнинг кўпи ўнг рулли машиналарда такси хизматида ишлашларини айтиб, қонун лойиҳаси қабул қилинса, 50 минга яқин одам ишсиз қолади деб билдиришди.

 

Ички ишлар вазирлиги 10-февралда ўнг рулли машиналар билан такси хизматида ишлашни тақиқлашни таклиф қилган. 

Қарор лойиҳасида йўловчиларни, йўл юклари ва юкларни тижорий ташиш учун ўнг рулли машиналардан фойдаланишни тақиқлаш таклиф қилинган. 

Шунингдек, йўловчи ташувчи автобусларга тезликни чекловчи қурилма (ТЧҚ) ўрнатиш таклиф қилинмоқда. Мақсад машинанинг максимал тезлигини 60 ёки 90 км/соатгача автоматик равишда чеклаш. Бундай қурилмасиз автобусларни қатновга чиқишига йўл қўйилмайди. 

Маълумотга кўра, бундай таклиф йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўловчилар ташишда фалокатларни олдини олиш ва транспорт ишини назорат қилиш мақсадида ишлаб чиқилди. 

2022-йилдаги йўл-транспорт ҳодисалари статистикасига кўра, йўловчиларни ташувчи транспортлар иштирокида умумий 299 йўл ҳалокати содир бўлган. Унда 28 киши ҳалок бўлиб, жароҳатланганлар сони 734 кишини ташкил қилган. 

Ўнг рулли автомашиналарни тақиқлаш 

2015-йилнинг мартида Қирғизистонда ўнг рулли машиналарни олиб кириш тақиқланган. Бу қарорни ўша вақтдаги ҳукумат «ўнг рулли автомашиналар қувиб ўтишда ҳайдовчиларнинг чап томони кўринмагани сабаб автоҳалокатларга учрамоқда» деб асослаган. 

Коммунал, қишлоқ хўжалиги, йўл қурилиши ва бошқа мақсадлар учун қўлланилган транспорт воситалари тақиқланмаган.  

Шундан бери, ҳукумат ўнг рулли таксиларни ҳам тақиқлашни вақти-вақти билан таклиф қилади. Бироқ ҳайдовчилар бунга кескин қаршилик қилиб келишади. 

Бунгача ИИВ такси ҳайдовчиларининг иши учун лицензия олиш мажбурияти ҳақидаги қонунни киритган. 

Жогорку Кенеш депутати Дастан Бекешевнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳаси қабул қилинса, ўнг рулли машиналарнинг ҳайдовчилари лицензия ололмай, қонун четида қолади. Бу «такси ходимларининг митингларига олиб келади» деб ҳисоблайди халқ вакили. 

Ички ишлар вазирлигининг маълумоти бўйича, ўлкада 17 мингга яқин такси ишлайди, уларнинг ярми ўнг рулли. Шунингдек, оғир фалокатларнинг 60% ўнг рулли машиналар иштирокида бўлиши айтилган.

Муаллиф: Улуш Сайпидинова