Жалолобод: Тўйдаги кортежда осмонга 10 марта ўқ отган киши қўлга олинди

123

Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманидаги никоҳ тўйда кортежда осмонга 10 марта ўқ отган одам қўлга олинди. Бу ҳақда 20 февралда Жалолобод вилоят ИИБдан билдиришди.

Бунгача ижтимоий тармоқларга мазкур воқеанинг видеоси тарқалган. Унда никоҳ тўйидаги кортежда BMW русумидаги машинанинг устида номаълум фуқаро ўқ отган.

Мазкур факт Жалолобод ШИИБнинг электрон журналига рўйхатга олиниб, тергов ишлари бошланган. Ўқ отган Жалолобод шаҳрининг 28 ёшдаги турғуни милицияга олиб келинган.

Суриштирув ишлари натижасида у ўзига тегишли «Сайга МК-1» қуролидан ўқ очгани маълум бўлган.

Ҳозирда суд-баллистик экспертиза тайинланиб, текширув ишлари бормоқда.

Муаллиф: Альбина Жиргалбек қизи