Акаев: Садир Жапаров «президентларни Қирғизистонга олиб келаман» деган масалани кўтармади

132

Қирғизистоннинг илк қочқин президенти Аскар Акаев 20 февралда «Азаттиқ»қа интервью берди. Унда у Садир Жапаровнинг собиқ давлат раҳбарлари билан Дубайда бўлган учрашуви ҳақида батафсил айтиб берди.

Акаевнинг сўзида учрашув у учун «сюрприз» бўлди — унинг айтишича, президент Садир Жапаров уни «Дубайга келиб кетсангиз, маслаҳатли иш бор» деб чақирган.

«Мен бордим. Борсак, сюрприз. Ўша ерда собиқ президентларнинг ҳаммаси йиғилган экан. Президент Жапаров «мақсадимиз бир, у — республикада стабилликни сақлаш, халқнинг иноқлиги, бирдамлигини мустаҳкамлаш» деб айтди. У «элимиз «акаевчи», «бакиевчи» ва «баланчаевчи» деб бўлиниб, шу сабаб олдинга ривожланишга таъсир қиляпти, шунинг учун ҳаммангизни иноқликка чақираман, барқарорликни қўллаб, иқтисодимизни ривожлантириб, халқимизга яхшилик қилайлик» деган яхши таклиф, ҳукумат мақсад қилган экан», — деди у.

Собиқ президент Жапаровнинг бу ташаббусини «бари қўллаганини» айтди. Шунингдек, «бари охиригача туриб, муносиб равишда овқатланиб кетганини» таъкидлади.

Акаев «учрашув тарихий воқеа ва яхши иш бўлди» деб ҳисоблайди. «Бироқ буларнинг ҳаммасини яхши томонга буриш жамоатчиликнинг, интеллигенциянинг қўлида» дейди у.

«Азаттиқ»нинг журналисти Кубат Касимбеков учрашувда Курманбек Бакиевни ўлкага қайтариш масаласи ҳақида сўз бўлдими деб сўради. Акаев бундай масала кўтарилмади деб ишонтирди.

“«Президентларнинг ҳаммасини Қирғизистонга олиб келаман» деган масалани кўтармади. Бундай масала кўтарилиши ҳам мумкин эмас. Ҳар бир президент ўзи ҳал қилиши керак. Қонун асосида. Шахсан мен ўзимни олсам, ўтган йили икки марта [Қирғизистонга] бордим. Ваколатли органлар билан икки марта ўн кун эрталабдан кечгача ўтириб, барча саволларига, даъволарига жавоб бердим. Мана бу йил менга нисбатан барча ишларни ҳал қилиб, тўхтатиб, «энди халқнинг олдида тозасиз, истаган вақтда келаверинг» деди. Энди менга мамлакатга йўл очилди», — деди у.

Жапаровни собиқ президентлар билан учрашуви

Президент Садир Жапаров 18 февралда Дубайда Қирғизистоннинг собиқ ва қочқин президентларини йиғган. Жапаров учрашувда бирининг ортидан бири келган собиқ давлат раҳбарлари аччиқ гапларни айтиб, юрагидаги аразларни тўкиб, энг асосийси — бири-бирини кечиришганини таъкидлаган.

Президент қирғизистонликларга ҳам мурожаат қилиб, «кечира билиш ва кечиримли бўлиш миллий одат эканини» айтиб, «ўтган-кетган, кекларни, норози гапларни, араз-хусуматларни ҳаммасини унутиб, Қирғизистоннинг манфаатини ўйлашга» чақирган.

Бунгача яқинда қамоқдан озод қилинган собиқ президент Алмазбек Атамбаев ҳам учрашув ҳақида фикр билдирган. У учрашувга собиқ президентлар келиши ҳақида олдиндан хабардор бўлганини, учрашувда Садир Жапаров ва МХДҚ раиси Камчибек Ташиев бўлишини маълум қилинганини айтган.

Унинг фикрича, «ўлкада тинчлик ва бирдамликни ўрнатиш билан Бакиевларни Қирғизистонга қайтиб келиши» — икки хил нарса. Уларни аралаштириш «умуман бошқача натижа беради».

Ҳукумат Бакиевни Қирғизистонга олиб келиш учун асос йиғаётгани ҳақидаги тахминлар собиқ президентлар Дубайда учрашгунча ҳам айтилган.

Курманбек Бакиев 13 йилдан бери Беларусда яшайди — у 2010 йили Қирғизистондаги ҳукуматдан қулатилгандан кейин оиласи билан Минск шаҳрига қочган. 2010 йилнинг 7 апрелида норозиликка чиққанларга нисбатан қуролдан фойдаланиб, натижада Оқ уй олдидаги майдонда 80дан ортиқ одам қурбон бўлган.

Суд 2013 йили 7 апрелдаги инқилоб бўйича Курманбек Бакиевни сиртдан 24 йилга озодликдан маҳрум қилган.