Орунбеков: Жапаровнинг мурожаатида қайсидир бир президентни қайтариб келиш ҳақида айтилмаган

113

Президент Садир Жапаровнинг мурожаатида собиқ президентларнинг қайсидир бирини қонун жавобгарлигидан бўшатиб, уларни Қирғизистонга қайтариб келиш ҳақида гап айтилмаган. Бу ҳақда президент администрациясининг ахборот сиёсат хизматининг бошчиси Дайирбек Орунбеков Фейсбук саҳифасида ёзди.

Садир Жапаров ўз мурожаатини 18-февралда Қирғизистоннинг собиқ ва қочқин президентлари билан Дубайда учрашгандан кейин эълон қилган. Уларнинг орасида қочқин президентлар Аскар Акаев билан Курманбек Бакиев, собиқ президентлар Роза Отунбаева ҳамда Сооронбай Жээнбеков, шунингдек собиқ президент Алмазбек Атамбаев бўлган. Қирғизистонликларнинг кўпи бу учрашув Бакиевнинг яқинда Қирғизистонга қайтишидан дарак беради деб тахмин қилишган. 

«Айрим гуруҳлар томонидан баҳслар пайдо бўлиб, асоссиз хулоса чиқаришлар бўлаётганини кўриб турибмиз. Президент собиқ халқ етакчилари билан нима сабабдан бир давра суҳбатига тўпланганини, асосий мақсадини ўзининг баёнотида очиқ айтди. Унда, собиқ президентларнинг қайси бирини қонун жавобгарлигидан бўшатиб, уларни мамлакатга қайтариб келиш ҳақида гап айтилмаган. Миллатнинг ўзагига жиддий зарба бериб келаётган регионализм, трайбализм муаммоларини ҳал қилиш билан халқнинг дўстлигини мустаҳкамлаш — асосий мақсад бўлгани очиқ айтилган», — деб ёзди Орунбеков.

Орунбековнинг сўзларига кўра, Жапаров ўтмишга эътибор бермай, президент сифатида тарих ва келажак авлодлар олдидаги бурчини бажарган.

«Давлат раҳбарининг эзгу ниятларини қўллаб-қувватлаш ўрнига, ўтириб, баҳслашамиз, бу бизни бой ва саховатли тарихга эга халқ сифатида кўрсатмайди. Ҳа, Қирғизистонни бошқарган ҳар бир президентнинг яхши ва ёмон томонлари бўлган. Ҳамма давлат, халқ учун меҳнат қилди, ҳаракат қилди. Бироқ, улар ҳам хатоларга йўл қўйишди. Ва энди ҳаммаси тарих. Ким қандай хатога йўл қўйганини ҳаммамиз биламиз», — деди Орунбеков.

Ўринбеков «Олдинга интилиш» ғояси президент сиёсатидаги асосий устувор йўналиш эканини таъкидлади.

«Биз бир отанинг авлодимиз. Аллоҳ барчамизни ички адоватдан сақласин. Биз у ёки бу сиёсатчининг тарафдориман деган барчани сабр-тоқатга чақирамиз, келинглар, бирлашайлик», - деб мурожаат қилди Орунбеков.

Садир Жапаров 18 февраль куни Дубайда Қирғизистоннинг барча собиқ президентларини йиғди. Унинг сўзларига кўра, учрашувда Қирғизистоннинг собиқ раҳбарлари ўз дардини айтишга, бир-бирларини кечиришга муваффақ бўлган. Шунингдек, у қирғиз халқига раҳм-шафқатли бўлишни ва «ўтмишдаги норозилик ва шикоятларни бир четга суриб қўйиш», кейин эса «мамлакат манфаати учун бирлашишга» чақирган.

Ҳукумат Бакиевни Қирғизистонга олиб келиш учун асос яратаётгани ҳақидаги тахминлар собиқ президентлар Дубайда учрашишишдан олдин ҳам айтилиб юрган. 

Курманбек Бакиев 13 йилдан бери Беларусда яшайди — у 2010-йили Қирғизистондаги ҳокимиятидан ажралгандан кейин оиласи билан Минск шаҳрига қочган. 2010-йилнинг 7-апрелида норозиликка чиққанларга қарги қурол қўлланилиб, натижада Оқ уй олдидаги майдонда 80дан ортиқ одам ҳалок бўлган. 

Суд 2013-йили 7-апрелдаги инқилоб бўйича Курманбек Бакиевни сиртдан 24 йилга озодликдан ажратган.