Туркиядаги зилзала: Қирғизистонлик қутқарувчилар уч кишини вайроналар остидан чиқаришди

168

Туркия жанубидаги Ҳатай шаҳридаги зилзиладан кейинги ўн учинчи кун ҳолатига кўра қирғизистонлик қутқарувчилар вайроналар остидан уч кишини — икки катта ёшли ва бир нафар 12 ёшли болани олиб чиқишди. Шифокорларнинг уринишларига қарамай, бола вафот этган. Бу ҳақда турк ОАВлари хабар берди.

 

Маълумотга кўра, қутқарувчилар зилзиладан кейинги 296-соатда одамларни қутқариб қолишга муваффақ бўлган. Жабрланувчиларни вертолёт билан Адана шаҳридаги шифохонага олиб кетишган.

Операцияда иштирок этган қутқарувчилар орасида Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ходимлари ҳам бор.

6 февраль куни Туркия ва Сурияда иккита кучли зилзила юз берган. Зилзила эпицентри мамлакат жануби-шарқидаги Газиантеп шаҳридан 26 км узоқликда, Сурия билан чегара яқинида жойлашган.

Ҳар икки мамлакатда табиий офат қурбонлари сони 45 минг кишидан ошиб, яна юз минглаб одамлар жабрланган. Минглаб бинолар эса бутунлай вайрон бўлган.