Temirov Live 2022-йили чиқарган суриштируви учун Улан Эгизбаев номидаги мукофот совриндори бўлди

121

Temirov Live журналистлар жамоаси 2022-йилда энг яхши суриштирув учун Улан Эгизбаев номидаги йиллик мукофотда биринчи ўринни эгаллади.

Журналистлар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раҳбари Қамчибек Ташиев оиласининг бойликларини ўрганишга бағишланган суриштируви учун биринчи ўринни қўлга киритди. Бу ҳақда суриштирувчи журналист Болот Темиров ўзининг ижтимоий тармоқларида маълум қилди.

Болот Темиров 2022-йилнинг ноябрида Қирғизистондан чиқариб юборилган суриштирувчи журналист. Унинг мамлакатдан чиқарилиши «Икки кунда қандай қилиб 37 миллион сом топиш мумкин? Ташиевнинг схемаси. Садир Жапаровнинг жавоби» деган суриштируви эълон қилинган кейин бир йил ўтиб содир бўлган.  

2022 йил январь ойида милиция ходимлари Темировни гиёҳванд моддаларни сақлашда айблаб қўлга олган. Суриштирувчининг ўзи ҳаммасини инкор этиб, гиёҳванд моддани унга атайлаб солиб қўйишганини даъво қилган. Кейинроқ у Қирғизистон паспортини сохталаштириш ва чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбланган.

Ўша йилнинг сентябрида Бишкекнинг Свердлов туман суди Темировни наркотик моддалар сақлаш ва чегарани ноқонуний кесиб ўтиш иши бўйича оқлаган. Аммо Бишкек шаҳар суди Темировнинг бекор қилинган паспорти асосида унинг мамлакатини депортация қилишга қарор қилган. Журналистни мажбуран аэропортга олиб кетиб, у ердан Москвага жўнатишган.

Темиров ўзининг депортация қилиниши ва Қирғизистон фуқаролигидан маҳрум этилишини ноқонуний деб билади.

Парламент аъзолари, мустақил ҳуқуқшунослар, медиа ҳамжамият ва халқаро ташкилотлар журналистнинг мамлакатдан чиқариб юборилишини қоралаб, суд қарорини бекор қилишни талаб қилишган.

Уларнинг фикрича, фуқароликдан маҳрум қилиш ва мамлакатдан депортация қилиниши Темировнинг конституциявий ҳуқуқларининг поймол этилиши ва «ғазабли таъқиблар факти»дир. «Адилет» жамоат фонди юридик клиникаси адвокатлари пойтахт шаҳар суди Темировни ҳайдаб чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиб, Конституцияни қўпол равишда бузганини таъкидлади.