Қозоқ мактабларидан бирида ўсмир болта билан уч нафар ўқувчига ҳужум қилди

157

Қозоғистоннинг Петропавловск шаҳридаги мактаблардан бирида 9-синф ўқувчиси болта ва пичоқ билан ўрта мактаб ўқувчиларига ҳужум қилиб, натижада уч киши жароҳат олган. Полиция ўсмирни қўлга олган. Бу ҳақда Tengrinews хабар бермоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан «Одам ўлдиришга уриниш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Маълумки, ҳужум қилган мактаб ўқувчиси психиатрия ҳисобида бўлган ва унга руҳий тушкунлик ташхиси қўйилган.

Шимолий Қозоғистон вилояти таълим бошқармасининг бошлиғи Назир Жашибековнинг айтишича, ўсмир сумкасида болта олиб юрган, уларнинг сумкаларини ҳеч ким текширмайди.

«Ҳеч кимнинг болаларнинг сумкаларини тинтув қилишга ҳаққи йўқ, буни сиз жуда яхши тушунасиз», деган расмий.

Яраланган мактаб ўқувчиларидан бири Владислав Горбаченконинг айтишича, ҳаммаси бир неча сония ичида содир бўлиб, унинг боши, бўйни ва кўкрак қисмидан зарбалар олган.

«Мен ҳожатхонага кирмоқчи эдим. Эшикни очаман, у болта билан ура бошлайди. У мактаб формасида, курткада, ниқобда эди. Болта билан. Ва пичоқ ҳам бор эди. Бир йигит ва қизга ҳужум қилди. Йигит 9-синфда, қиз эса 10-синфда», — деди жабрланувчи.

Пичоқ жароҳати олган уч нафар жабрланувчи ҳам вилоят болалар касалхонасига етказилган. Ижтимоий тармоқларда қўлга олинган шахсга тегишли бўлган қоғоз ниқоб ва болтанинг суратлари тарқалган. 

Қозоғистон таълим вазирлиги мамлакатдаги барча мактабларда хавфсизликни текширишни буюрди. Петропавловскда юз берган воқеа юзасидан махсус комиссия тузилди.