8-февралда МХДҚ ҳукуматни куч билан босиб олишга очиқ чақириқ қилишда гумонланиб Н.Н.А. исмли жамоатчи фаол қўлга олинганини билдирди. 24.kg сайтининг маълумотига кўра, гап Назарбек Нишанов ҳақида бўлмоқда.
Нишанов 1991 йилда ССР Украинасининг Запорожье шаҳрида жарроҳ-онколог мутахассислигини олган. 7 йил давомида Ўш ва Жалолобод вилоятлари касалхоналарида ишлаган.
1998 йилдан ҳозиргача Қирғизистон ватанпарварлар партияси Бош котиби, шунингдек, Қирғизистоннинг соф мухолифат ҳаракати ва Коррупция тизимига қарши ҳаракатининг раҳбари. У икки марта, жами 8,5 йил муддатга қамоққа олинган. 2020 йил ноябрь ойида у Қирғизистон президентлиги учун ўз номзодини қўйган.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, фаол «ижтимоий тармоқларда провокацион материалларни тарқатиш факти бўйича, шунингдек, иш бўйича олинган суд-лингвистик экспертиза ва ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга оммавий чақириқ белгилар мавжудлигини тасдиқловчи бошқа далиллар асосида ҳибсга олинган. Қўлга олинган фаол Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди.
Давлат қўмитаси фуқароларни ижтимоий тармоқларда адоват қўзғатиш ва мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқаришга қаратилган турли иғво ва мурожаатларга берилмасликка чақирди.
Қирғизистонда ижтимоий тармоқлардаги постлар турли моддалар бўйича жиноий иш қўзғатилишига сабаб бўлган ҳолатлар кўп учрайди. Мисол учун, январь ойи ўрталарида фаол ва блогер Адилет Балтабай оммавий тартибсизликларга чақиришда айбланиб, беш йилга озодликдан маҳрум этилган.
Балтабайга жиноят ишини қўзғашга унинг Фейсбукдаги постлари сабаб бўлгани айтилган.