«Газпром Қирғизистон» газга бўлган тарифни кўтаришга чақирмоқда

177

«Газпром Қирғизистон» компанияси газ тарифларини ҳар кубометр учун камида 19,9 сомгача оширишни талаб қилмоқда. Компания аҳолини қўшниларининг паст тарифларига эътибор қаратмасликка чақирди - Қирғизистонни ўзининг гази йўқ. Шунингдек, улар фақат тарифларни ошириш уй-жой массивларини газлаштиришни тезлаштиришга ёрдам беришини айтишди.

Компания раҳбарининг иқтисод ва молия бўйича ўринбосари Арзимат Алдаяровга кўра, газнинг бир кубометри учун амалдаги 18,7 сом бўлган тариф «Газпром Қирғизистон» фойдасини у ёқда турсин, ҳатто харажатларни ҳам қопламайди.

«Агар истеъмолчи тарифи табиий газни харид қилиш ва ҳар бир абонентнинг ўт ёқувчи жойига етказиб бериш харажатларини тўлиқ қоплаб, унинг 1 куб метри  19,9 сомдан бўлса, у ҳолда  газлаштириш суръатларини сезиларли даражада тезлаштира оламиз», — деган у, депутатларнинг газлаштириш суст бормоқда деган танқидларига жавобан. 

Шу билан бирга, компания аҳолининг ҳозирги ижтимоий-иқтисодий аҳволини ҳисобга олганда тарифларни бугуноқ кўтариш талаби йўқ эканини таъкидлашди. 

«Тариф ҳозирги даражада қолса ҳам, биз мамлакатни газлаштириш бўйича ишимизни тўхтатмаймиз», - деди Алдаяров.

«Газпром Қирғизистон» компаниясининг таъкидлашича, компания саккиз йилдан буён зарар кўрувчи тарифга амал қилиб келмоқда, натижада аҳоли учун бундай субсидияларнинг умумий миқдори 5 миллиард сомдан ошган. Шу билан бирга, компания мамлакат расмийларига келишувдаги норма ҳақида эслатиб ўтди, унга кўра газ тарифлари компаниянинг барча харажатларини қоплаши ва йилига 12 фоизлик фойда келтириши керак.

«Компанияни кўпинча қўшнилар билан солиштиришади. Нима учун Ўзбекистонда, Қозоғистонда, Россияда тарифлар арзон? Биз импорт қилувчи ўлка эканимизни тушунишимиз керак. Ўзбекистон, Қозоғистон ҳамда Россия газни экспорт қилишади. Улар юқори экспорт нархлар орқали ички тарифни субсидиялашади», — деб тушунтиради Алдаяров.

Бугунги кунда «Газпром Қирғизистон»нинг маълумотига кўра, қирғиз ҳукумати компанияга 700 млн сом қарз. 

19 январда «Газпром Қирғизистон» савдо объектлари ва ундан ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланаётган ресторанлар, кафе ва ҳаммом каби ишхоналарга газ етказиб беришни чеклаши маълум бўлган. Бундай қарор аҳоли ва ижтимоий объектларни газ билан тўлиқ таъминлаш мақсадида қабул қилинди, дея хабар берган «Газпром».

Россиянинг «Газпром» корпорацияси 2014-йили Қирғизистонга газ етказиш учун  масъул бўлган «Қирғизгаз» ширкатини рамзий 1 долларга сотиб олган. «Қирғизгаз»нинг ўрнига «Газпром Қирғизистон» ишхонаси тузилган. Компания аҳолини зангори олов билан узлуксиз таъминлаш, тарифларни пасайтириш ва мамлакат газ инфратузилмасини модернизация қилишга сармоя киритиш мажбуриятини олган. Бундан ташқари, Россия томони «Қирғизгаз»нинг барча қарзларини тўлаш ва газ саноатини ривожлантириш учун 5 йил давомида 20 миллиард рубль сармоя киритиш мажбуриятини олган.