Меҳнат вазирлиги: Қирғизистонда 200 мингдан ортиқ оила қашшоқ яшайди

179

Мамлакатда 229 минг кам таъминланган оила истиқомат қилади. Бу ҳақда 30 январ куни парламент қўмитасининг йиғилишида меҳнат, ижтимоий ривожланиш ва миграция вазири Кудайберген Базарбаев билдирди.

«Бугунги кунда бизда 229 минг [камбағал] оила бор. Шундан 103 минг оилага “оилавий ёрдам” [кам таъминланган оилаларга ҳар ойда 810 сом ижтимоий тўлов] берилади», — деди Базарбаев..

Бундан ташқари, Базарбаев вазирлик ижтимоий ёрдам дастурларини кучайтириш учун Халқаро тараққиёт ассоциациясидан 30 миллион доллар миқдорида фоизсиз кредит олишни режалаштираётганини айтди. Унга кўра, ушбу маблағнинг 100 минг соми «Ижтимоий шартнома» лойиҳаси бўйича 10 минг кам таъминланган оилага тарқатилади. Бу пулни олганлар тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва ўзини даромад манбаи билан таъминлаши керак.

Бироқ депутатлар ўша йиғилишнинг ўзида вазир одамларнинг олган пулларини қаерга сарфлаётганини диққат билан кузатиши кераклиги ҳақида огоҳлантирган.

«Халққа ишонч бор. Бунинг қайтарилиши бор, лекин юз сом олсанг, юз сом қайтарасан, аммо уч йилдан кейин дейилса, одамларда барибир бошқача туйғу пайдо бўлади. Агар бу қайтарилмайди, сен учун ёрдам деб айтилса, эртага қийин бўлиб қолади», — деди депутат Адахан Мадумаров.

Ижтимоий шартнома

«Ижтимоий шартнома» лойиҳаси илк бор 2021-йилда БМТнинг Озиқ-овқат дастури кўмагида тажриба тариқасида ишга туширилган. Унда Жумғал ва Қадамжой туманларида истиқомат қилувчи 100 нафар кам таъминланган оилага 100 минг сомдан қайтарилмас асосда ёрдам берилди.

Лойиҳани 2022 йилда давом эттиришга қарор қилинди ва унга 2800 оила танлаб олинди. Бунинг учун бюджетдан 292 миллион сом маблағ ажратилган.

Миллий давлат статистика қўмитасининг расмий маълумотига кўра, 2021-йилда ўлкада кам таъминланган оилаларнинг сони 2,2 млн кишини ташкил қилган. Бу мамлакат аҳолисининг 33,3 фоизини ташкил қилади. Уларнинг ичидан 407 минг фуқаро ёки  6 фоизи қашшоқлик нуқтасида яшайди.Таҳлилчилар  қашшоқлик шаҳар ва қишлоқ ҳудудида ҳам ўсиб бораётганини айтишмоқда.