Кампиробод иши бўйича судланувчиларнинг қариндошлари ва дўстлари давлат ташрифи билан Бишкекка келган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилишди. Мактубда улар Мирзиёев ва президент Садир Жапаров имзолаши мумкин бўлган қирғиз-ўзбек чегараси ҳақидаги келишув «кўз ёшлари билан ювилгани»ни таъкидлашган.
«Бегуноҳ одамларнинг ҳаёти, уларни оилаларининг, айниқса ёш болаларнинг, нуроний ота-оналарнинг кўз ёши, изтироби бу тарихий қарорни амалга оширишнинг қурбони бўлаётагнини сизга билдириб қўйиш бизнинг вазифамиз.
Кампиробод сув омборини Ўзбекистон томонга ўтказиб бериш масаласи бўйича қарши фикрини биринчилардан бўлиб очиқ айтишга ботингани учунгина бизнинг оналаримиз, оталаримиз, турмуш ўртоқларимиз, ўғил-қизларимиздан иборат, умумий 24 киши 100 кундан кўпроқ вақт қамоқда ўтирибди.
Бугун бу масала бўйича якуний нуқта қўйилади, аммо бизнинг азоб-уқубатларимиз қачон тугаши, маҳбуслар узоқ кутилган озодликка қачон эришишлари номаълум», - дейилади мурожаатда.
Ҳибсга олинганларнинг яқинлари Кампиробод иши бўйича судланувчиларнинг ҳеч бири «давлатимиз барқарорлиги ва чегаралар масаласини ҳал қилиш учун ҳеч қандай хавф туғдирмаслигини» таъкидладилар.
«Ушбу мурожаатимиз орқали сиз қўл қўядиган келишув бизнинг кўз ёшимизга ювилганини афсус билан ёдингизга солишни истаймиз. Албатта, бундай кўриниш икки халқнинг ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ҳамда дўстликни мустаҳкамлашга ҳеч қандай хиссасини қўшмайди! Нима бўлган тақдирда ҳам, биз адолат борлигидан умид узмай, яқинларимизнинг эртароқ озодликка чиқишига ишонишни хоҳлаймиз», — деб мурожаат қилишди улар.
Кампиробод иши
2022-йилнинг октябри охирида Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишини танқид қилган 20 нафардан ортиқ фаол, сиёсатчи ва ҳуқуқ ҳимоячиси қўлга олинган. Уларнинг бари оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёрланишда айбланган. Шундан бери тергов амаллари олиб борилмаяпти.
Қўлга олинганларнинг бари айблари йўқлигини, уларга босим бўлаётганини, жиноят иши уларнинг Кампиробод масаласи бўйича позицияси сабаб қўзғалганини билдиришган. Қамоққа олишдан норозилик билдириб 19 киши очлик эълон қилган.
Улар очилик оқибати учун жавобгарликни шахсан президент Садир Жапаровга ва МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиевга юклашган. Кейинчалик ҳибсга олинганларнинг уч нафари: журналист Айданбек Акматов, сиёсатчи Азимбек Бекназаров ва фаол Чингиз Капаров очликни тўхтатишган.
Йигирмадан ортиқ сиёсатчи билан фаолнинг қўлга олинишини бир қатор депутатлар айблаб, Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти эса ҳукуматни қўлга олинганларнинг барини озод қилишга чақирган.