Кампиробод иши: Равшан Жээнбеков ТИЗО-1да соғлиғи ёмонлашганидан шикоят қилди

148

Кампиробод иши бўйича ҳибсга олинган мухолифатчи сиёсатчи Равшан Жеэнбеков ТИЗО-1да соғлиғи ёмонлашгани боис Бош прокурор, Адлия вазири, Қийноқларнинг олдини олиш миллий маркази, оммавий ахборот воситалари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларига мурожаат қилди. Бу ҳақда Жээнбеков Фейсбукдаги саҳифасида ёзган.

Унинг сўзларига кўра, таҳлиллар жигар ҳолатининг «кескин» ёмонлашганини кўрсатиб, шифокорлар унга даволаниш ва касалхонага ётқизишни тавсия қилган. Жээнбеков ТИЗО-1дан касалхонага ўтказиш илтимоси билан Жазони ижро қилиш хизматининг бошлиғи Аскат Эгембердиевга мурожаат қилди.

«Аммо, жазони ижро қилиш хизматининг (ЖИХ) раиси Эгембердиев ва ЖИХнинг бош врачи мени малакали ва ихтисослаштирилган даволанишга қонуний ҳуқуқимдан маҳрум қилмоқда. Ўйлайманки, Қирғизистон Республикаси ЖИХ раиси ва ЖИХ бош врачи ё ҳокимиятнинг мени малакали даволанишимга рухсат бермаслик ҳақидаги кўрсатмаларига амал қилмоқда ёки ўз ваколатларини суиистеъмол қилмоқда», — деб ёзади сиёсатчи.

У соғлиғининг янада ёмонлашишида ЖИХ етакчиси ҳамда бош шифокорини айблашини қўшимча қилди. Жээнбековнинг таъкидлашича, ўз вақтида даволанмаган ўнлаб маҳбуслар шундай одамлар туфайли қамоқхоналарда ўлмоқда.

Шунингдек, ҳибсга олинган шахс ўз мурожаатида мустақил шифокорлар кенгашини тузишни сўраган, чунки у «сиёсий мақсадларда Гиппократ қасамёдини бажармайдиган» ЖИХ мутахассисларига ишонмайди.

Аввалроқ Жээнбеков Кампиробод иши бўйича судланувчилар ТИЗО-1да «ўта хавфли жиноятчилар» сифатида сақланаётганини ёзган эди.