Ташиев ҳокимлар билан мэрларни бандитлар ҳамда коррупционерлар ҳақида маълумот беришга чақирди

236

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раҳбари Қамчибек Ташиев вилоят ҳокимларини, мэрларни ва бошқа маҳаллий ҳокимият вакилларини ҳудудлардаги бандитлар ҳамда коррупционерлар ҳақида маълумот беришга чақирди. Бу ҳақда у 21 январда маҳаллий ҳукумат раҳбарлари қатнашган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида билдирди

«Маҳаллий ҳокимият вакиллари, мэрлар, ҳокимлар айтингчи, туманларингизда қанақа бандитлар юрибди, кимни қўрқитмоқда, кимда қандай  коррупционерлар бор. Айтинг. Нега яшираяпсиз? Шахсан менга маълумот беринг», деган Ташиев ва шунингдек, ҳокимларни фаолроқ ишлашга чақирди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раҳбари йиғилиш иштирокчиларининг 90 фоизини «яхши танишини» айтиб, аммо коррупцияга аралашса «Ҳеч кимга раҳм-шафқат бўлмайди», деб огоҳлантирган.

Сўнгги ойларда Қирғизистонда уюшган жиноий гуруҳлар аъзолари билан боғлиқ бир қанча шов-шувли воқеалар бўлиб ўтди. Масалан, Ўш шаҳрида икки уюшган жиноий гуруҳнинг аъзолари муштлашиб, натижада бир киши ҳалок бўлган. Муштлашув ҳолати видеога тушиб қолган, қотилликни уюштирганликда гумон қилиниб, криминал бошлиғи “Женго” қўлга олинган.

Бунгача Норин ва Жалолобод вилоятларининг ўндан ортиқ милиционерлари уюшган жиноий гуруҳ аъзоларини ҳимоя қилиб келгани учун қўлга олиниб, эгаллаб турган лавозимидан четлаштирилган ва ишдан бўшатилган эди.