Президент Садир Жапаров электр энергияси тарифлари 1 киловатт учун 77 тийиндан 1 сомга оширилишини маълум қилди. Янги тариф 2023 йилнинг май ойидан кучга киради. Бу ҳақда давлат раҳбари ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзди.
«Агар бундай қилмасак, ўз энергетика тармоғимизни бутунлай йўқотишимиз мумкин. Чунки бизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 21 тийинлик таннархига энергетиклар меҳнатига тўлаш, эскирган трансформаторлар, симлар, симёғочларни алмаштириш учун харажатлар қўшилади, охир-оқибат, 1 киловатт электр энергияси нархи 2 сом 38 тийинга айланади», — деб ёзади Жапаров.
Унинг сўзларига кўра, Совет Иттифоқи давридан бери мамлакатда бирорта ҳам ГЭС қурилмаган, трансформаторлар ва юқори вольтли линиялар янгиланмаган. Жапаровнинг айтишича, электр жиҳозларининг эскириши 80 фоизгача бўлиб, энергетика соҳасининг қарзи эса 137 миллион сомни ташкил этади.
Давлат раҳбарининг қўшимча қилишича, ҳозирда техникани кутилмаган авариялардан қутқариш учун вақти-вақти билан ўчиришлар мавжуд.
«Худо хоҳласа, қишдан яхшигина чиқиб кетамиз. Агар қандайдир ноқулайликлар бўлган бўлса, аҳолидан узр сўраймиз», - деди Жапаров.
Январь ойи бошидан аномал совуқ ҳаво бошланиши билан Қирғизистоннинг турли ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилди. Фуқаролар бир неча соат, ҳатто кун бўйи ёруғлик бўлмаганидан шикоят қилмоқда. Танқидга жавобан Энергетика вазирлиги тасдиқланган электр таъминотидаги узилишлар жадвалларини эълон қила бошлади.
Ушбу узилишлар энергия тизимининг ортиқча юкланиши билан боғлиқ. Энергетика мутахассисларининг таъкидлашича, жорий қишда қирғизистонликлар электр энергияси истеъмоли бўйича барча максимал рекордларни янгилашмоқда.
Электр таъминотидаги носозликлар фонида депутатлар Таалайбек Ибраевни энергетика вазири лавозимидан истеъфога чиқариш масаласини кўтардилар. Аммо амалдорнинг ўзи креслога маҳкам ёпишиб олмаганини, аммо ҳозирги ҳолат унинг бўлимининг қишга тайёр эмаслиги билан боғлиқ эмаслигини қўшимча қилди. Унинг фикрича, бу авлод муаммоси. Ибраев, шунингдек, Қирғизистонда СССР давридан бери бирорта ҳам кичик ГЭС қурилмагани ва электр энергияси истеъмоли йилдан-йилга ортиб бораётганини қўшимча қилган.