ОАВ: ИИВнинг махсус бўлинмалари терговчини қўлга олиш учун Ўшдаги МХДҚ биносига бостириб кирди

265

Бир қанча оммавий ахборот воситалари ўз манбаларига таяниб, Ўшдаги Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига ИИВнинг спецназ ходимлари кириб келгани ҳақида хабар тарқатди.

«АКИпресс» нашрининг ёзишича, спецназ зобитларини махсус хизматлар бинога киритмаган — улар ўртасида жанжал келиб чиққан.

«Кактус» нашрининг ёзишича, ИИВ махсус бўлинмасининг 20 нафар аскари тезлик билан бинога бостириб киришга муваффақ бўлган. Журналистларнинг қайд этишича, икки департаментнинг хавфсизлик кучлари ўртасида муштлашув келиб чиққан.

24.kg нашри, шунингдек, махсус бўлинмалар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг биносига кириб, муштлашув ҳақида маълумот бергани ҳақида хабар берди.

Ўшдаги МХДҚнинг биноси. Сурат: Бакай Алмаз / Kloop.

Икки нашрнинг ёзишича, махсус кучларнинг ҳаракатларига Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Ўш бўлими терговчиси томонидан пора олаётгани бўйича олиб борилган тергов сабаб бўлган. 24.kg нашрининг хабар беришича, терговчи 15 минг доллар миқдорида пора олишда гумонланиб қўлга олинган.

Кейинроқ Бош прокуратура терговчининг 15 минг доллар пора олаётганликда гумонланиб ҳибсга олинганини тасдиқлади. Бироқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига Ички ишлар вазирлиги махсус бўлинмалари кириб келгани ҳақида маълумот берилмаган.