Депутат Осмонов УЖГнинг муштлашуви акс этган видеоларни чиқарган ОАВни вақтинча ёпишни таклиф қилди

213

Депутат Айбек Осмонов жиноий доира вакилларининг муштлашувлари ва тўқнашувлари акс этган видеоларни ОАВга чиқармасликни, агар бундай видеолар чиқса, нашрни вақтинча ёпишни таклиф қилди. Бу ҳақда у парламентнинг 19 январдаги йиғилишида маълум қилди.

Парламент аъзоси Ўшда уюшган жиноий гуруҳ аъзосининг ўлдирилиши акс этган видеонинг оммавий ахборот воситаларида тарқалиши фонида шундай таклиф билан чиқди.

«Ҳодиса акс этган видеони 2 миллиондан ортиқ қирғизистонлик, жумладан, ўсмирлар томоша қилган. Ўша одамларнинг (жанжал иштирокчилари) юзларини ёпиш ёки видеони чиқармаслик керак эди. Видео давлат телеканаллари ва нодавлат каналлар томонидан ҳам эълон қилинган. Янгилик сифатида берилган, аммо бу ўсмирларга салбий таъсир кўрсатади. Бу улар учун катта зарба», - дейди Осмонов.

Ўз навбатида, ички ишлар вазири ўринбосари Нурбек Абдиев, аксинча, бу ўсмирлар учун сабоқ бўлиши мумкинлигини айтган.

«Ўсмирлар жиноий гуруҳларга қўшилиб, жиноий йўлга тушса, жавобгарликка тортилиши ёки ўз қўли билан ўлдирилишини тушуниши керак. Бу баъзи ўсмирларга таъсир қилади», — деди у.

Гап қайси видео ҳақида бўлмоқда?

12-январдан 13-январга ўтар кечаси Ўш шаҳрининг Қурманжан Датка кўчасидаги банк ёнидан 29 ёшли эркакнинг жасади топилган. 13 январ куни тушдан кейин ижтимоий тармоқда бир гуруҳ номаълум шахслар арматура ёки таёққа ўхшаш нарсалар билан одамни калтаклаб ўлдирган видео тарқалган.

Шу куни 27 ёшли эркак пичоқ жароҳатлари билан оғир аҳволда шифохонага етказилган. Милиция марҳум уюшган жиноий гуруҳнинг аъзоси сифатида рўйхатга олинганини маълум қилган.

Мазкур факт бўйича милиция “Қотиллик» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатиб, Женго лақабли криминал авторитет Қадир Досоновни қўлга олган.

ИИВ версиясига кўра, икки гуруҳ ўртасидаги можарога «таъсир доираларини талашиш» сабаб бўлган.

Бундан ташқари, вазир ўринбосари қотилликда гумон қилинган бошқа шахсларнинг ҳибсга олиниши ҳақида ҳам гапирди. Булар: Эламан Коргонбай уулу, Ақилбек Раимберди уулу, Нурбек Чубаков, Курсанбек Шокир уулу, Актилек Абдивали уулу. Улардан тўрт нафари муқаддам оғир ва ўта оғир жиноятлар учун судланган. Яна бир гумонланувчи Эрбол Асан уулу эса қидирилмоқда.

Женго ким?

Қадир Досонов уюшган жиноий гуруҳлардан бирининг етакчиси сифатида танилган. Илгари у бир неча бор ҳибсга олинган, бироқ суд Досоновни оқлаб, озодликка чиқарган.

2022-йилнинг июн ойида Қорасув туман суди Досоновга нисбатан «Ерни ноқонуний эгаллаб олиш» моддаси бўйича жиноят ишини тугатиб, «Жиноий даромадларни легаллаштириш» моддаси бўйича жиноят таркиби йўқлиги сабабли уни оқлаган.

Ўтган йилнинг 30 сентябрь куни Олий суд Досоновга нисбатан жиноят ишини аввалги инстанция ҳукмларини бекор қилиб, янги суд муҳокамасига юборгани маълум бўлган.