Қирғизистоннинг уч вилоятида айрим мактаблар онлайн ўқишга ўтказилди

225

17 январдан бошлаб Жалолобод, Талас ҳамда Чуй вилоятларида айрим мактаблар онлайн ўқитишга ўтиб, бир қатор бола боғча вақтинча ёпилди. Бу ҳақда Таълим ва фан вазирлигидан билдиришди.

Жалолобод, Кўкжанғақ шаҳридаги барча давлат мактабларининг ва Тошкўмирдаги олти мактабнинг ўқувчилари вақтинча онлайн ўқишади.Шунингдек, Чуй вилоятининг Жайил туманидаги 11 мактаб ва Талас вилоятининг Бакай-Ата туманидаги бир мактаб масофадан ўқишга ўтди.

Тошкўмирда уч, Жайил туманида — беш, Қоракўлда — икки ва Бакай-Ата туманида бир бола боғча вақтинча ёпилди.

Мактабларни онлайн ўқитишга ўтказиш ва бола боғчаларни ёпиш қарори Санитария-эпидемиология назорат органларининг кўрсатмалари тушгани сабаб қабул қилинган.

9 январда мактаб ўқувчиларининг қишки таътили аномал совуқ сабаб 11дан 16 январгача узайтирилган.

17 январда Норин вилоятининг Отбоши туманидаги 21 мактаб қаттиқ совуқ сабаб онлайн ўқитишга ўтган. Шунингдек, Майлисув шаҳридаги барча таълим муассасалари шаҳарда сув каналдаги авария сабаб фавқулодда вазият киргизилгани сабаб масофадан ўқитишга ўтган.

Бу орада Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўткир респиратор вирус инфекцияси (ЎРВИ) ҳамда грипп кучайганини билдиришди. Муассасанинг маълумотига кўра, 9-15 январь давомида ЎРВИ ва грипп юқтиришнинг 8,3 мингдан ортиқ ҳолати қайд этилган.

«Ўткир респираторли вирус инфекцияси билан касалланиб чиққан одам оддийгина олдини олиш чораларини сақламаса ЎРВИнинг бошқа турларини ҳам юқтириб олиши мумкин. Шу сабабдан ниқоб тақиб, масофани сақлаб юриш керак», — деб эслатишди шифокорлар.