Жалолобод: Собиқ ҳокимни 20 минг доллар эвазига идорага қайтаришга ваъда берган амалдорларни МХХ ҳибсга олди

183

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан Жалолобод шаҳар кенгаши депутати Байғази Эргешов ва Бозорқўрғон тумани ҳокими Жанисақ Сатибалдиев фирибгарликда айбланиб қўлга олинди. 

Айтилишича, Эргешов ва Сатибалдиев Бозорқўрғоннинг собиқ ҳокими Иляс Толоновдан «кейинчалик президент Садир Жапаровга берамиз» деган баҳона билан 20 минг доллар олиб кетган. Расмийлар Толоновга «ҳоким лавозимига қайта тикланишида ёрдам беришга» ваъда беришган.

Аммо, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига кўра, Эргешов ва Сатибалдиев ўз ваъдаларини бажармай, пулни қайтармай, Толоновга таҳдид қила бошлаган.

Эргешов ва Сатибалдиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторига жойлаштирилди.

Иляс Толонов 2022-йилнинг июль ойида «маҳаллий муаммоларни ўз вақтида ҳал этмагани» учун Бозорқўрғон туман ҳокими лавозимидан озод этилган эди.

2022 йилнинг ноябрида эса Толонов ер фирибгарлиги бўйича жиноий ишда айбланувчига айланган. Аниқланишича, Бозорқўрғон шаҳар ҳокимлиги томонидан уй-жой қуриш учун ер участкалари ноқонуний равишда берилган. Кейин Толоновга расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш айби қўйилган.