ФҲВ: Майлу-Суу иссиқликсиз қолди, шаҳарда фавқулодда ҳолат режими жорий этилди

157

Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг матбуот хизмати 13-январ куни Жалолобод вилоятининг Майлу-Суу шаҳрида фавқулодда ҳолат режими жорий этилгани ҳақида хабар берди. Қайд этилишича, шаҳарда иссиқлик таъминотида узилиш юз берган.

Маълумотларга кўра, 12-январ куни об-ҳавонинг совуқ бўлиши сабабли аҳолига тоза сув етказиб беришда узилишлар юзага келган ва шу сабабли ичимлик сувини сақлаш жойининг қувурлари музлаб қолиб, сув босими кескин тушиб кетган.

“Шаҳарликлар учун берилаётган сув миқдори камайиб, шаҳарнинг № 1, 3, 4 иссиқлик электр станцияларида иссиқлик бериш тизимига сув тўлиқ келмай,  иситиш тизими тўхтатилди”, дейилади Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг хабарида.

Қирғизистонга 9 январдан “аномал совуқ” кириб келди. Об-ҳаво маълумотларига кўра, 13-январ куни Жалолобод водийсида ҳаво ҳарорати кундузи -14°, кечаси эса -17° гача тушади.

Аввалроқ Вазирлар Маҳкамасининг раҳбар ўринбосари Бақит Торобаев барча хизматлар бундай совуқ об-ҳавога тайёрлигини маълум қилган эди.

2018 йилда Майлу-Суу мэри Нурадил Маматов шаҳарда 25 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилишини айтган.