Журналист Санрабия Сатибалдиева билан тасвирчи Аширбаевнинг иши судга ўтди

200

Журналист Санрабия Сатибалдиева ва тасвирчи Калис Аширбаевнинг жиноят иши судга ўтди. Бу ҳақда  «Клооп»га адвокат Замир Жоошев билдирди.

Жошевнинг айтишича, улар “товламачилик”да гумон қилинмоқда. Бироқ адвокатнинг айтишича, тергов давомида айбловлар исботланмаган.

«Ички ишлар вазирлигининг уюшган жиноий гуруҳларга қарши курашиш бошқармасига мурожаат қилиб, Санрабиянинг ҳеч қандай жиноий гуруҳга аъзо эмаслиги ҳақида маълумотнома олганмиз. Биз бу ҳақда терговчига айтдик ва "терговдан барча тафсилотларни кўриб чиқиб, айбни исботлашни талаб қилдик". Бироқ ишнинг ҳолатларини аниқламай, ишни судга топширди», — деб билдирди Жоошев. 

Тасвирчи Аширбаевнинг эҳтиёт чораси 13-январда қўриладиган бўлди. 

Адвокатнинг таъкидлашича, 2022-йилнинг ноябрида ишни кўрган терговчи журналистнинг офисини бекитиб кетган. Аммо тергов ишлари тугаб, иш судга ўтганига қарамай офисни бугунги кунгача очтирмаяпти. 

Сатибалдиеванинг қўлга олиниши

MIR 24 сайтининг журналисти Санрабия Сатибалдиева ва тасвирчиси Калис Аширбеков 2022-йилнинг 4-октябрга ўтар кечаси қўлга олиниб, 48 соатга қамоққа олинган. ИИВнинг маълумотига кўра, журналист, тасвирчи ва «Жорго-Такси»нинг ҳайдовчиси «пул таъма қилишда» гумонланмоқда.  

«3-ноябрда Жогорку Кенешнинг айрим депутатларидан уларнинг 2016-2017-йиллардаги аудио ёзувларни тарқатишини айтиб пул талаб қилиб юрган бир қатор одамлар 2 минг доллар олаётган вақтда қўлга олинган», — деб билдиришган ўшанда милициядан. Бироқ қайси депутатлар экани айтилмаган.

Журналистнинг ўзи эса «ҳеч кимдан пул олмаганини ва бу ишга Жогорку Кенешнинг депутати Шайирбек Ташиевнинг алоқаси борлигини» айтган.

Журналист Баяна Кулова 4-ноябрда Санрабия Сатибалдиева «мен ёзган ариза асосида қўлга олинди» деб айтиб чиққан. Кулованинг айтишича, Сатибалдиева депутат Шайирбек Ташиевнинг суҳбатини аудиога ёздириб олиб, тарқатаман деб қўрқитган. Шунингдек у  «аризасини қайтариб олишга уринаётганини, аммо унга нисбатан қўрқитувлар бошланганини» қўшимча қилган. 

Ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулова Санрабия Сатибалдиева ҳомиладор эканини, шифокорлар унинг ҳомиласи қўзғалаётганини айтганига қарамай қамоққа олинганини айтиб чиққан. 

Кейинчалик журналист бир неча марта ҳомиласи сабаб касалхонага ётқизилган. Омбудсман Атир Абдрахматова Сатибалдиевага милиция ходамлари ноинсоний муомала қилган деб айблаган. 

Шундан кейин, ўша йили 5-ноябрда, у «ҳеч қаерга кетмаслик тилхати асосида» бўшатилган. 

Сатибалдиева охирги Кампиробод иши бўйича оммавий қўлга олишлар бўйича фикрини ижтимоий тармоқларда очиқ ёзган. Шунингдек ноқонуний фаолиятларни, айниқса Жалолободдаги маҳаллий амалдорларни танқид қилиб келади. 

2018-йили журналистга уйининг олдида ҳужум бўлган. Ўшанда номаълум шахс уни пичоқлаб, журналист касалхонага тушган.