Ўшда 23 ёшли қизни олиб қочишга уринган икки киши қўлга олинди

268

Ўшда 23 ёшли қизни мажбуран турмушга чиқариш мақсадида ўғирлаганликда гумонланиб икки эркак қўлга олинди. Бу ҳақда «Клооп»га Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасининг матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, воқеа 31 декабрь куни соат 16:30 атрофида содир бўлган. Бишкек-Ўш йўлида патруль милиция инспекторлари Ўзган шаҳри йўналишига чиқиб кетган йўл ҳаракати қоидаларини бузган шахсни пайқаб қолишди. У Қирғиз-Чек қишлоғида тўхтатилган.

“Машинанинг ичидан ёш қизнинг ёрдам сўраган қичқириғи эшитилди. Аниқланишича, қизни ўз хоҳишига қарши турмушга бериш мақсадида Ўш шаҳридан Қоракўлжа вилоятига мажбуран олиб кетишган. 25 ёшли икки фуқаро Ўш туман ИИБ тергов бўлимига топширилди”, — дейилади ИИВ хабарида.

Ҳозирда милиция томонидан қайд этилганидек, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аёллар ва қизларни ўғирлаш

Қирғизистонда қизларнинг ўғирланиши жамиятда узоқ йиллардан бери муҳокама қилинаётган оғир масала. Кўп ҳолларда қизларни мажбурий турмуш қуриш мақсадида ўғирланади.

Амалдаги Жиноят кодексига кўра, никоҳ қуриш мақсадида одам ўғирлаш 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Вояга етмаганларни никоҳ қуриш мақсадида ўғирлаш 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, 2021-йилда аёлларни ўғирлаш ва мажбуран никоҳдан ўтказиш билан боғлиқ 560 та ҳолат қайд этилган. Аксарият ҳолларда бундай ҳолатлар судгача етиб бормайди, қонунни бузганлар эса тегишли жазосини олмайдилар.

Босқинчининг жазосизлиги ўғирланган қизнинг ўлими билан тугайдиган ҳолатлар мавжуд.

Масалан, 2021-йили  Айзада Канатбекованинг тақдири фожеали тугаган. Айзадани Замирбек Тенизбаев исмли фуқаро ўғирлаб қочиб, зўрлаб, қизни ўлдириб, кейин ўз жонига ҳам қасд қилган. Воқеа жамоатчликда резонанс яратгани сабаб, Тенизбаевга қизни ўғирлашга ёрдам берганлар реал жазосини олиб, озодликдан ажратилган. Аммо қизни ўлимининг олдини олмаган милиция ходимлари тегишли жазосини олишгани йўқ.

Шу каби воқеа 2018 йили май ойида содир бўлган. Ўшанда 19 ёшли Бурулай Турдали қизини ўғирлаб кетган шахс уни милиция бўлимида ўлдирган. Гумонланувчи уни мажбуран турмуш қуриш мақсадида ўғирлаб кетган. Аммо улар қўлга олиниб, бўлимга олиб келинганидан сўнг, у уни пичоқ билан ўлдирган ва ўз жонига қасд қилишга ҳаракат қилган.