Суд кўп болали онани қийнаш иши бўйича гумонланган собиқ милиция ходимини оқлади

296

Бишкекнинг Октябрь туман ички ишлар бошқармасининг собиқ бошлиғи Уланбек Аалиев кўп болали онага нисбатан қийноқлар қўллаш бўйича жиноят таркиби йўқлиги сабабли оқланди.

Бу ҳақдаги маълумотни «Клооп»га шаҳарнинг Биринчи май туман судининг матбуот хизматидан тасдиқлашди.

Бундан ташқари, суд Аалиевни «Пора олиш» ва «Пора талаб қилиш» моддалари бўйича оқлаган.

«Аалиев «Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш» моддаси бўйича айбдор деб топилиб, 300 минг сом жаримага тортилди. У суд залидан чиқмаслик тўғрисидаги ёзма мажбурият билан озод этилди», — дейилади суд матбуот хизмати хабарида.

Таъмагирлик бўйича иш

Октябь ойининг бошида товламачиликда гумонлаган олти боланинг онаси Асил Талипова сўроққа чақирилиб, шундан кейин қўлга олинган. Унинг адвокати Канат Хасановнинг айтишича, тергов вақтида Талипова «дорихонага бориб келиш учун илтимос қилиб чиққан, у қайтиб келганда терговчи “гумонланувчи яширинишни истаганини” айтиб, уни қамоққа олган.

Шундан кейин Хасанов пойтахтдаги ИИБ биносининг ёнига ёлғиз митингга чиқиб, аёлни озод қилишни талаб қилган. Эртасига Асил Талипова уй қамоғига чиқарилган.

22 октябрда Ҳарбий прокуратуранинг ходимлари пойтахтнинг Октябрь тумани ички ишлар бошқармаси бошлиғи Уланбек Аалиевни, тергов хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Талгат Қуватбековни ва терговчи Айсулуу Рамазон қизини қўлга олган. Бош прокуратура қўлга олинганлар  «қийнаш», «қўрқитиб пора олиш» ва «хизмат лавозимини суиистеъмол қилиш»да гумонланаётганини таъкидлаган. Терговнинг версиясига кўра, милиционерлар бир аёлни қамоққа олиш баҳонаси билан ўта йирик миқдорда пул талаб қилишган.

«Мақсадга эришиш учун туман ИИБ бошлиғи ИИБ ходимлари билан тил бириктириб, кўп болали бева онага Октябрь тумун ИИБга қўнғироқ қилиб, бир неча бор психологик ва маънавий босим ўтказган», - дейилади назорат органи хабарида.

18 ноябрь куни эса Ҳарбий прокуратура худди шу иш бўйича Октябрь тумани ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бегайим Тураповани ҳибсга олган. Бироқ Бош прокуратура Турапова нимада гумон қилинаётганига аниқлик киритмади. 24.kg ахборот агентлиги ўз манбаларига таяниб, Турапова мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда гумон қилинаётгани ҳақида хабар берган.

Октябрь ойида Биринчи май туман суди Аалиевни 21 декабрга қадар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторига қамаган.