Президент Садир Жапаров 24-декабрда Баткен вилоятига иш сафари билан борди. Баткендаги ёш болалар давлат раҳбарига мадҳияни куйлаб беришди.
Президентнинг матбуот хизмати эълон қилган видеодан Жапаров болаларни мақтаб, бирга суратга тушганини кўриш мумкин.
Жапаров ҳозирги вақтда Баткендаги қишлоқларни айланиб, Қирғизистон ва Тожикистоннинг ўртасидаги қуролли жанжалда вайрон бўлган уйларнинг қурилиши билан танишган. У тегишли органларга қурилиш ишларини тезлатишни топширди.
Вазирлар маҳкамасининг маълумотига кўра, жанжал оқибатида 661 уй зарар кўрган, уларнинг 423и яшаш учун яроқсиз вазиятда, 238и эса таъмирга муҳтож.
Шунингдек 14 мактаб, беш соғлиқни сақлаш муассасаси, 15 маъмурий аҳамиятга эга бино, бир кўприк, 197 уй-жой, 337 молхона ва 61 автомобил зарар кўрган.
22-сентябрда президент Садир Жапаров совуқ тушгунга қадар қисқа вақтда зарар кўрган уйларни қайта тиклашни, тўлиқ вайрон бўлган уйларнинг ўрнига эса янгиларини қуришни топширган эди.
Аммо баткенликлар ҳукумат бугунги кунгача уларнинг уйларини қайта тиклаб бермаганини ва ваъда қилинган ҳеч бир моддий ёрдам кўрсатилмаганини айтиб норози бўлишган. Буни вазирлар маҳкамасининг етакчиси ҳам тан олган.
Парламентнинг 19-октябрдаги йиғилишида вазирлар маҳкамасининг етакчиси Янги йилгача барча ишлар охирига етказишга ҳаракат қилишларини, бунинг учун қурувчилар 2-3 смен билан ишлашини ваъда қилган.
Аммо парламентнинг 8-декабрдаги йиғилишида депутат Жанар Акаев Баткен вилоятидаги чегарага яқин қишлоқларни қайта тиклашга жалб қилинган қурувчилар бу ишга бўлинган маблағнинг ярмини ҳам олмаганини айтган. Аввалроқ Баткен вилоятини қайта тиклаш учун 6 миллиарддан 8,5 млрд сомгача маблағ бўлинганини маълум қилган.
Ҳукумат раҳбари депутат Акаевга қурилишни Давлат қурилиш департаменти назорат қилаётганини, қайта тиклашга 1 млрд сом ажратилган деб жавоб берган.
«Яна керак бўлса бўлиб беришга тайёрмиз», — деб таъкидлаган Жапаров.