Бугун, 5 декабрь куни Қадамжойда аёлларга нисбатан зўравонликка қарши юриш бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Активист» жамоат уюшмаси хабар берди.
80 га яқин киши «Яша», «Қўрқма», «Тўхтат (зўравонликни тўхтат)», «Зўравонликка қаршимиз» ва «Зўраовнликсиз ҳаёт» плакатлари билан юришга чиқишди.
Марш аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва бартараф этишга чақирувчи «Гендер зўравонлигига қарши 16 кунлик фаоллик» кампаниясига тўғри келди. У ҳар йили 25 ноябрда бошланаиб, 10 декабрь, Халқаро инсон ҳуқуқлари кунига қадар давом этади.
16 кунлик кампания аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликка қарши сукунатни бузиш ва камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш учун саъй-ҳаракатларни биргаликда йўналтиришга қаратилган.
Бунгача Бишкекда гендер зўравонлигига қарши худди шундай юриш ўтказилган эди. Марш ташкилотчиси ўз нутқида оиладаги зўравонлик учун ҳатто баданга енгил шикаст етказилган тақдирда ҳам беш йилдан жиноий жавобгарлик жорий этишни талаб қилди.
Ташкилотчилар, шунингдек, оиладаги зўравонлик қурбонлари учун муддатсиз ҳимоя кўрсатмаларини жорий этиш, жабрланувчиларга бепул ва сифатли ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатишга чақирди.
Қадамжойда 14 ёшли қизнинг ўлдирилиши
Сентябр ойи бошида Қадамжой туманида мудҳиш ҳодиса рўй бергани маълум бўлди – сел ўтувчи ер ости йўлидан номаълум қизнинг жасади топилган. У 14 ёшли мактаб ўқувчиси бўлган.
Воқеа жойига келган милиция ходимлари қизнинг қўллари ортига боғланганини, бўйнида ип билан бўғишдан қолган излар бор эканини аниқлашган. Бош прокурор Қурманкул Зулушев қотиллик гумони билан қўлга олинганлар қизни зўрлашга ҳам айбланаётганини айтган.
«Қотиллик» моддаси бўйича жиноят иши қўзғалиб, суд-тиббий экспертиза тайинланган.
5-сентябрда қизнинг ўлимида гумонланиб 1995, 1997 ва 1998-йили туғилган Қадамжой туманининг уч турғуни қўлга олинган. Кейинчалик бу ишга алоқаси бор дейилиб тўртинчи гумонланувчи — балоғатга етмаган ўсмир ҳам қўлга олинган. Уларнинг бари Қадамжой туман судининг қарори билан икки ойга қамоққа олинган.
14 ёшлик ўсмир қизнинг воқеаси бўйича ишни президент Садир Жапаров шахсий назоратига олганини айтган. Бош прокурор Қурманкул Зулушев эса ҳуқуқ тартибот органининг ходимлари бу ишни адолатли тергов қилиб беради деб ваъда қилган.
4-декабрда «Клооп»га Жазони ижро этиш хизмати бу ишда гумонланувчи икки шахс Ўш тергов изоляторида ўз жонига қасд қилганини хабар берган. Дастлабки маълумотларга кўра, айбланувчиларнинг жасадларида жароҳатлар йўқ.
Вояга етмаган қизнинг ўлдирилиши иши бўйича учинчи айбланувчи Жалолобод вилоятидаги қўриқланадиган муассасада, тўртинчиси эса Ўшдаги тергов изоляторида сақланмоқда.