Қадамжой туманида 14 ёшли қизни ўлдиришда гумонланган икки киши Ўшдаги қамоқда вафот этди

261

4 декабрга ўтар кечаси Қадамжойда 14 ёшли қизни зўрлаб ўлдиришда гумон қилинган икки шахс Ўш тергов изоляторида ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда «Клооп»га Жазони ижро этиш хизмати хабар берди.

ЖИДХнинг матбуот котиби Элеонора Сабаторованинг айтишича, гумонланувчилар осилган ҳолда топилган. Бу бўйича тергов ишлари бошланди. Сабатарова қолган икки гумонланувчи ҳозирда қамоқда эканини қўшимча қилди.

Бош прокуратуранинг матбуот котиби Сирожиддин Камолидинов эса «дастлабки маълумотлар бўйича, вафот этган гумонланувчиларнинг танасида ҳеч қандай жароҳатлар йўқлигини» билдирди.

Аввалроқ балоғатга етмаган қизни ўлдиришда гумонланган тўрт кишининг эҳтиёт чораси икки ойга узайтирилиб, 4-январгача қамоқда қолдирилган. Баткен вилоят судидан ишнинг материаллари судга келиб тушиши билан йиғиннинг муддати белгиланишини айтишган.

Қадамжойда 14 ёшли қизнинг ўлдирилиши

4-сентябрда Қадамжой туман милициясига Ноогардан қишлоғининг жанубий тарафидан ўтган Ўш — Раззақов авто йўлидаги сел ўтувчи ер ости йўлидан номаълум қизнинг жасади топилгани ҳақида маълумот келиб тушган.

Воқеа жойига келган милиция ходимлари қизнинг қўллари ортига боғланганини, бўйнида ип билан бўғишдан қолган излар бор эканини аниқлашган. Бош прокурор Қурманкул Зулушев қўлга олинганлар қизни зўрлашга ҳам айбланаётганини айтган.

«Қотиллик» моддаси бўйича жиноят иши қўзғалиб, суд-тиббий экспертиза тайинланган.

5-сентябрда қизнинг ўлимида гумонланиб 1995, 1997 ва 1998-йили туғилган Қадамжой туманининг уч турғуни қўлга олинган. Кейинчалик бу ишга алоқаси бор дейилиб тўртинчи гумонланувчи — балоғатга етмаган ўсмир қўлга олинган. Уларнинг бари Қадамжой туман судининг қарори билан икки ойга қамоққа олинган.

14 ёшлик ўсмир қизнинг воқеаси бўйича ишни президент Садир Жапаров шахсий назоратига олганини айтган. Бош прокурор Қурманкул Зулушев эса ҳуқуқ тартибот органининг ходимлари бу ишни адолатли тергов қилиб беради деб ваъда қилган.