Молиявий пирамидаларни реклама қилганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этиш таклиф этилди

253

Жогорку Кенешда молиявий пирамидаларни реклама қилганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этиш таклиф этилди. Тегишли қонун лойиҳаси ташаббускори депутат Шайирбек Ташиев бўлди.

Қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида «иқтисодий ва ҳуқуқий саводхонлиги паст» фуқароларнинг аксарияти ўз маблағларини таниқли одамларга ишонган ҳолда молиявий пирамидаларга киритаётгани таъкидланади.

Молиявий пирамидани реклама қилганлик учун 20-25 минг ҳисоб кўрсаткич (2-2,5 миллион сомгача) миқдорида жарима ёки 3-5 йилгача қамоқ жазоси қўллаш таклиф қилинмоқда.

«Тузатишлар қабул қилингандан кейин бундай ишлар учун жиноий жавобгарликка тортиш кўзда тутилганидан, блогерлар, турли ташкилотларнинг фаоллари ҳамда бошқа жамоат инсонлари у ёки бу молиявий маҳсулотларни реклама қилишда хийла эҳтиёткор ва масъулиятли бўлишади деб ишонамиз», — деб ҳисоблайди қонун лойиҳасининг ташаббусчиси.

Қирғизистондаги турар жой кооперативлари

Йил бошида Миллий банк мамлакатда турар жой кооперативлари дейилган шубҳали ташкилотлар фаоллаша бошлаганини билдирган. Ўшанда бош банк уларнинг фаолиятида молия пирамидасининг белгилари борлигини айтган.

Миллий банк баёнотида қирғизистонликларни эҳтиёт бўлишга, ҳужжатларни пухта текшириб, уларни давлат идораларидаги маълумотлар билан солиштириб, сохта эмаслигини аниқлашга чақирган.

Кейинчалик ИИВ 2022-йилнинг уч ойидаёқ кўчмас мулк бозоридаги турар жой кооперативларининг фаолиятига алоқадор 73 жиноят иши қўзғалганини билдирган.

Шундан кейин милиция бир қатор уй-жой кооперативининг етакчисини, жумладан таниқли  кооперативлардан бири «Ихсан Групп»нинг директори Ақинай Бекмурзаевани қўлга олган.