МХДҚ: Депутат Чингиз Айдарбеков қўлга олинмаган, у Қозоғистонда

240

МХДҚ 27-ноябрда бедарак йўқолгани айтилган Жогорку Кенешнинг депутати Чингиз Айдарбеков «Ақжол» назорат-ўтказиш пунктидан ўтиб, ҳозир Қозоғистонда юрганини билдирди.

Муассасадан «Клооп»га Айдарбеков қандайдир-бир жиноят иши бўйича сўроққа олинмаганини айтишди.

Депутат Жанар Акаевнинг хабар беришича, унинг ҳамкасби ва партиядоши Айдарбеков соғлиғи сабабли вақтинча парламент мажлисларида қатнаша олмайди. Унинг айтишича, Айдарбеков мактубни парламент спикери Нурланбек Шакиевга йўллаган.

«Чингиз Азаматович яқин кунларда қайтиб келиб, ўз ишини давом эттиради деб, ишонаман. Ҳамкасбимиз Эмил Жамғиррчиевнинг атрофида пайдо бўлган вазиятлар бўйича қўшимча маълумот берамиз», — дея қўшимча қилди Акаев.

27-ноябрга ўтар кечаси депутат Элвира Сурабалдиева «МХДҚ депутат Эмил Жамғирчиев билан Чингиз Айдарбековни қирғиз-қозоқ чегарасида тўхтатиб, ЖАмғирчиевни ушлаб кетганини» айтган. У депутатлар тўплангандан кейин «Жамғирчиевни қўйиб юборишганини» таъкидлаган.

Сурабалдиева «икки депутат таъзияга бораётганини ва Жамғирчиевнинг мамлакатдан чиқиши тақиқланганини» билдирган. Айрим нашрлар эса «Айдарбеков ҳам махсус хизмат томонидан қўлга олинди» деб ёзган.

Айни пайтда ОАВда ҳам Айдарбеков хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олинган бўлиши мумкин, деган тахминлар пайдо бўлган.

Жамғирчиев ва Айдарбеков Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтказиш ҳақидаги келишувга қарши овоз берган 18 депутатдан эди.

Айдарбеков ўзининг танқидлари ва шартномани имзолашдан бош тортганидан сўнг парламентнинг халқаро ишлар бўйича қўмитаси раҳбари лавозимидан четлаштирилиб,  Қирғизистон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси дипломатик даражасидан ҳам маҳрум қилинган.