Қирғизистонда 100 мегаватт қувватга эга қуёш электр станцияси қурилади

246

Қирғизистонда Халқаро молия корпорацияси (IFC) кўмагида 100 мегаватт қувватга эга қуёш электр станцияси қурилади, деб хабар қилди Иқтисодиёт вазирлигининг матбуот хизмати.

IFC’нинг Марказий Осиё бўйича катта минтақавий менежери Кассандра Колбертнинг айтишича, уларнинг ташкилоти қуёш электр станциясини қуриш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича давлат-хусусий шериклик (ДХШ) пилот лойиҳасини амалга оширмоқда.

«Ушбу лойиҳада IFC Қирғизистон Республикасига энергетика сектори учун ДХШ битимини тузиш ва амалга оширишда ёрдам беради», деди Колберт.

Иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосари Қанат Абдраҳмоновнинг таъкидлашича, қуёш электр станциясининг қурилиши мамлакатда «электр таъминоти ишончлилиги»ни ошираиб, иқтисодий ўсишни рағбатлантиради.

2022 йилнинг апрелида Қирғизистон ҳукумати Хитойнинг икки компанияси билан Иссиқкўл вилоятида 1000 мегаватт қувватга эга қуёш электр станциясини қуриш бўйича шартнома имзолаган эди. Шу билан бирга, Испаниянинг Ecoener энергетика компанияси билан яна 260 мегаватт қувватга эга қуёш станциясини қуриш бўйича меморандум тузиш ҳақида сўз борди.

Қуёш электр станциялари қуёш радиациясини электр энергиясига айлантирадиган объектлардир. Бундай станциялар асосан қуёшли кунлар кўп бўлган жойларда ўрнатилади. Бундан ташқари, қуёш электр станциялари ИЭМ каби бошқа турларга нисбатан электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг янада экологик тоза усули ҳисобланади.