Чуйда хотинини шафқатсизларча ўлдиришда гумонланган шахс Россияда қўлга олинди

263
Гумонланувчи. Сурат: Чуй ВИИБи

Чуй вилоятининг Соқулуқ туманида хотинини шафқатсизларча ўлдиришда гумонланган шахс Россиянинг Ханти-Мансийск шаҳрида қўлга олинди. Бу ҳақда «Клооп»га Чуй вилоят ИИБнинг матбуот хизмати билдирди.

Маълум бўлишича, 14-октябрда Соқулуқ туманининг ҳудудидаги Чонг Чуй каналидан одамнинг жасадининг парчалари топилган. Ўша куни жасаднинг қолган қисми каналнинг бошқа томонидан топилган.

Бу бўйича «Қотиллик» моддаси билан жиноят иши қўзғалиб, топилган жасаднинг парчалари бир аёлга тегишли экани аниқланган. Бироқ жасаднинг парчалари чириб қолганидан, марҳумнинг шахси кейинчалик аниқланган.

Вафот этган аёл Аламудун туманининг Пригородное қишлоғининг 48 ёшдаги турғуни бўлган. Суриштирув ишларининг давомида уни ўлдиришга 54 ёшдаги эрининг алоқаси бор эканлиги аниқланган.

«Дастлабки маълумотлар бўйича, у жиноятни амалга оширгандан кейин Россияга кетган. Жиноятчига қидирув эълон қилиниб, 25-ноябрда Ханти-Мансийск шаҳрида қўлга олинган. У ҳудудий милиция бўлимининг вақтинча сақлаш жойига киргизилди. Ҳозирда гумонланувчини Қирғизистонга экстрадициялаш масаласи ҳал қилинмоқда», — деб айтилади милициянинг маълумотида.

Қирғизистондаги аёлларга нисбатан зўравонлик

ИИВнинг маълумотига кўра, ўтган йили мамлакатда 10 мингдан ортиқ оилавий зўравонлик факти қайд этилган. Бу 2020-йилга нисбатан 12%га кўп.

Зўравонликдан аксар ҳолда аёл кишилар жабрланади. Уларнинг кўпчилиги милицияга ариза билан мурожаат қилмагани учун қайд этилмайди, ҳисобга олинмай қолади. Бу оилавий зўравонликнинг кўлами статистикадан бир қанча кўп эканидан хабар беради.

Тажовузчини қонун доирасида жазолаш жуда мураккаб — кўпчилик жиноят ишлари жарима пули тўлаш ёки жамоатчилик ишларга жалб қилиш билан чекланади. Шу сабабдан суд жавобига тортилмаслигини билган агрессор аёлни ўлдириб ҳам қўйиши мумкин.

Доимо бўлиб турувчи оилавий зўравонлик аёлларнинг эрлари, фуқаролик никоҳида бирга яшаган одамлари ёки собиқ эрлари томонидан ўлдирилишига олиб келади. Одам ўлдиришнинг бур тури фемицид деб аталади.

Агарда сиз турмуш ўртоғингизнинг ёки нотаниш одамнинг зўравонлигига дучор бўлсангиз, ёрдам олиш учун милиция ходимларига ва мамлакатнинг ҳудудларидаги кризис марказларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Муаллиф: Рустам Турсунбеков