Қирғизистонда гендер зўравонлигига қарши 16 кунлик кампания бошланди

192

Қирғизистонда 25-ноябрдан бошлаб аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва бартараф этишга чақирувчи «гендер зўравонлигига қарши 16 кунлик фаоллик» акцияси бошланди. Бу ҳақда «Сезим» кризис марказидан билдиришди.

Маълумотга кўра, 16 кунлик кампания қизларга ва аёлларга нисбатан зўравонликни йўқ қилиш ва камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш учун жамоавий ҳаракатларни кучайтиришга қаратилган.

«Аёллар ва қизлар дунё юзида ва уйида зўравонликка ҳамда камситувларга учрамоқда.Бу инсон ҳақларини амалга оширишга ҳамда барқарор ривожланиш учун жиддий муаммоларни туғдирмоқда», — деб таъкидлашди кризис марказининг вакиллари.

Шу сабаб «аёлларга ҳамда қизларга нисбатан қилинган зўравонликларга боғлиқ жиноятларнинг бари ҳуқуқ тартибот органлари тарафидан адекват ҳамда тезкор шаклда тергов қилиниши зарур бўлиб турибди» деб таъкидлашди ташкилотдан. Шунингдек улар, товон олишга ҳамда чиқимнинг ўрнини тўлдириш имкониятини таъминлаш кераклигини қўшимча қилди.

«Халқаро андозаларга кўра, тарафларни яраштириш бўйича чоралар тегишли тергов ва суд адолатига эришиш ўрнига зўравонликдан жабр кўрганларнинг ихтиёрига қарши мажбурланмаслиги керак», — деб айтилади баёнотда.

Кризис марказининг маълумотларига кўра, давлат ходимлари ва кенг жамоатчилик ўртасида гендер асосидаги зўравонликнинг барча шакллари, жумладан, оилавий ва жинсий зўравонлик жиноят эканлиги тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш, фуқаролик жамиятини бундай жиноятларни қабул қилмасликда қўллаб-қувватлаш режалаштирилмоқда.

«Болаларни, ўсмирларни, мигрант аёлларни, аёлларни, ОИВ инфекциясига чалинган аёлларни, ногирон аёлларни ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни камситиш, эксплуатация ва гендер зўравонликларидан ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратиш лозим», — дейилади мурожаатда.

 Қирғизистон Марказий Осиёдаги аёллар учун энг хавфли давлат ҳисобланади

Қирғизистон дунёдаги аёлларнинг тинчлиги ва хавфсизлиги бўйича глобал индексда (WPS Index) Марказий Осиё давлатларининг ичидан энг хавфли ўлка деб ҳисобланади. Мазкур индексда Қирғизистон аёлларнинг вазияти баҳоланган 170 давлатнинг ичидан 97-ўринни эгаллаган.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, қарийб ўн йил давомида аёлларнинг ўлдирилиши бўйича «Қотиллик» моддаси бўйича 762 та жиноят иши қўзғатилган. Ушбу қотилликларнинг катта қисми эркаклар томонидан содир этилган - ўртача ўнтадан саккизтаси.

Аксарият ҳолларда Қирғизистонда аёллар эрлари ва яқин шериклари томонидан ўлдирилади ва аёл ўлими бевосита оиладаги зўравонликнинг натижасидир.

Одатда аёлнинг эркак томонидан ўлдирилиши фемицид деб аталади. Эркаклар бу қадамни аёллардан нафратлангани учун, гендер камситишлари натижасида ва/ёки давлат жинсга асосланган зўравонликка кўз юмганида боради.