Депутат Тазабек Икрамов Жогорку Кенешнинг 16-ноябрдаги йиғинида ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулованинг қўлга олинишини танқид қилди. Катта ёшдаги аёлни бир кун аввал тўрт милиция ходими, ичиб олган, сўкяпти ва митингга қатнашди деб айблаб, куч қўллаб қўлга олишган.
«Биз аслида Конституцияга қарши ишни олиб боряпмиз. 39-моддада фуқаролар ўз норозиликларини айтишга ҳақли деб ёзилган. Аммо шунга қарамай ёш-қари, аёл эканига қарамай [қамашларга] шу нарларга йўл қўймоқдамиз. Бу яхши нарса эмас. Бир гуруҳ аёлларимиз қамалиб ўтирибди. Ўттиз йилда бундай бўлмаган эди. Сўз эркинлигини сақлаб, Конституция доирасида иш олиб борсак яхши бўлар эди. Акс ҳолда Туркманистон Конституциясини олиб келиб қабул қилиб берайлик. Кейин шунга қараб иш олиб борайлик. Қонун билан яшайлик ёки Туркманистоннинг қонунини олиб келайлик», — деди Икрамов.
Абдирасулованин куч билан қўлга олиниши
Милиция ходимлари Абдирасуловани 15-ноябрда Оқ уйнинг олдида куч билан қўлга олишган. Унга қадар у ерда Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши митинг ўтган эди.
Милиция ходимларидан бири 64 ёшдаги ҳуқуқ ҳимоячисини маст бўлиб олиб сўкинмоқда деб айблаган. «Мен формадаман, сўкинма», — деб қичқирган милиция ходими. Айни вақтда видеода ҳуқуқ ҳимоячиси одобсиз сўзларни қўлланаётганининг исботи йўқ.
Улар ҳуқуқ ҳимоячини турткилаб, қўлидан судраб олиб кетишга ҳаракат қилиб, шу сабаб ҳуқуқ ҳимоячиси ерга ўтириб қолган. Бошида Абдирасуловани тиббий кўришдан ўтказишни исташган, аммо у ерга бормай милиция бўлимига олиб келишган. Абдирасулова қўлга олинишини ҳуқуқ ҳимоячилиги фаолияти ва Кампиробод иши бўйича қўлга олинган фаоллар ва сиёсатчилар ҳақида маълумотларни чиқариб тургани билан боғламоқда.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасуловага қарши административ протокол тузилди.
«Эртага суд бўлиши керак. Бугун қўйиб юборилди», — деб ёзган ҳуқуқ ҳимоячисининг қизи Гулшайир Абдирасулова. Шунингдек, у ИИБда онасига тез ёрдам чақирилганини — ҳуқуқ ҳимоячисининг артерия қон босими кўтарилиб кетганини билдирган.
Азиза Абдирасулова ўзи «Азаттык»қа берган интервьюсида қўйилган айбга рози эмаслигини, айбсизлигини судда ҳимоя қилишга тайёр эканини айтган. Шунингдек Кампиробод сув омборининг берилишига қарши норозилик акциясига қатнашмаганини, митингда кузатувчи қатори юрганини қўшимча қилган.