Қирғизистон БМТнинг Россия Украинага товон пули тўлаши ҳақидаги резолюциясига овоз бермади

265

БМТ Бош Ассамблеяси Россия босқинидан Украинага етказилган зарарни қоплашни назарда тутувчи резолюцияни қабул қилди.

Ушбу ҳужжатни 93 давлат (жумладан, АҚШ ва Европа Иттифоқининг барча давлатлари) қўллаб-қувватлади, 13 давлат (жумладан, Россия, Хитой, Эрон ва Беларус) қарши овоз берди, яна 74 давлат (жумладан, Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон) бетараф қолди.

 

БМТ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳужжат Бош Ассамблея аъзоларини Россия «тажовузи» пайтида содир этган халқаро ҳуқуқнинг ҳар қандай бузилиши учун жавобгарликка тортилиши ва етказилган зарарни қоплаши шартлигини тан олишни белгилайди.

«Шу мақсадда ҳужжат халқаро механизмни яратишни назарда тутади, шунингдек, манфаатдор жисмоний ва юридик шахсларга Украина давлатига етказилган зарар, йўқотиш ёки жароҳатлар тўғрисидаги далиллар ва маълумотларни ҳужжатлаштириш учун бундай йўқотишларнинг халқаро реестрини яратиш таклиф этилади», — деб айтилади хабарда.

Украинанинг БМТ қошидаги доимий вакили Сергей Кислица «Россия Укранини вайрон қилиш учун, агар тўғридан-тўғри айтадиган бўлсак, барча амални қилди» деб таъкидлади.

«Россия йирик кўламда ҳужум бошлаган кундан бери бомларни отиб, ракеталарни чиқариб, Украин шаҳарлари ва қишлоқларини турли қуроллар билан отиб, фабрика, завод, уйларни, мактабларни, касалхоналарни ва болалар боқчаларини ўқ остига олди. Буча, Ирпен, Бородянки, Мариуполь ва Изюмдаги кадрларни барчамиз кўрдик. Россияда Украинада йўлларни, кўприкларни ва темир йўлларни вайрон қилмоқда. Охирги ойнинг ўзида Россия Украинанинг энергетика тизимининг ярмини йўқ қилиб, украиналикларни қиш арафасида ёруқликсиз, сувсиз ҳамда иссиқликсиз қолдирди», — деб билдирди у.

Россиянинг доимий вакили Василий Небензянинг айтишича эса, резолюция муаллифлари музлатилган Россия активларидан Киевга қурол етказиб беришни молиялашда ва аллақачон етказилган қуроллар учун қарзларни тўлаш учун фойдаланиш имкониятига эга бўлишни хоҳлайди. Бунга қадар Россиянинг Марказий банкидан 300 млрд долларга яқин активини музлатгани маълум қилинган.

Украинадаги уруш деярлик 9 ойдан бери давом этиб келмоқда. Россия Украинага йирик кўламдаги ҳужумини 24-февралда бошлаб, уни Украинани «демилитаризация» ва «денацификация» қилиш деб тушунтирган.

БМТ маълумотларига кўра, 7 ноябрь ҳолатига кўра, Украинадаги уруш туфайли 6490 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлиб, 10 мингга яқин одам жароҳатланган. Бироқ ташкилот қурбонлар сони бундан ҳам анча кўп бўлиши мумкинлигини қайд этади. Бу ҳақда Украина расмийлари ҳам гапирмоқда.

Қатор давлатлар, жумладан АҚШ ва Европа Иттифоқи Россия қўшинларининг Украинага бостириб киришига жавобан Россияга нисбатан мисли кўрилмаган иқтисодий санкциялар киритган. Бу жорий этилган санкциялар миқдори бўйича Россияни жаҳон етакчисига айлантирди. Бундан ташқари, давлатлар россиялик амалдорлар, олигархлар ва бизнесменларга нисбатан шахсий санкциялар ҳам жорий қилмоқда.

Украинада уруш бошланганидан бери Россия бир неча бор Украинадаги тинч аҳолини нишонга олиб, зарбалар беришда айбланган. Россиянинг ўзи бу айбловларни рад этиб келади.