Тожикистон чегара хавфсизлигини таъминлаш учун АҚШдан 10 та йўлтанламас автомобиль олди

213

АҚШнинг Душанбедаги элчихонаси 8 ноябрда Тожикистон Миллий гвардиясига давлат чегаралари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 10 та йўлтанламас автомашиналарни топширди. Бу ҳақда ушбу мамлакатдаги дипломатик ваколатхонанинг матбуот хизмати хабар берди.

Умумий қиймати 858 000 АҚШ доллари бўлган 10 та автомобилнинг барчаси эҳтиёт қисмлар пакети, устахона ва техник хизмат кўрсатиш бўйича ўқув машғулотлари билан топширилди.

«Бу биз Тожикистонга унинг чегараларини ҳимоя қилиш учун кўрсатаётган ёрдамимизнинг бир мисолидир. Биз Тожикистондан чегара хавфсизлигини таъминлаш борасидаги яқин ҳамкорлик учун миннатдормиз ва биргаликда эришган ютуқларимиздан фахрланамиз. Биз терроризм, гиёҳванд моддалар савдоси ва ядровий қуролларнинг тарқалишига қарши курашда ҳамкор бўлиб қоламиз», деди АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Жон Марк Поммершайм автомобиль топшириш маросимида.

Элчихона маълумотларига кўра, 1992 йилдан бери Қўшма Штатлар Тожикистонга хавфсизлик соҳасида 330 миллион доллардан ортиқ ёрдам кўрсатган. Ушбу ёрдам ўқитиш, жиҳозлар ва инфратузилмани ўз ичига олади.

Бундан ташқари, Қўшма Штатлар 10 000 дан ортиқ ҳарбий ва хавфсизлик кучларини террорчилик таҳдидлари ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш учун тайёрлаган.

«Аввалроқ АҚШ ҳукумати Мудофаа вазирлиги тинчликпарвар баталони ўқув марказини реконструкция қилиш ва қуришни қўллаб-қувватлаган ҳамда Мудофаа вазирлиги мобил кучлари департаменти учун 1,5 миллион долларга «Магоб» полигонини қурган эди», — дейилади дипломатик миссия хабарида.

Элчихонанинг қўшимча қилишича, атиги 30 йиллик ҳамкорлик давомида Қўшма Штатлар Тожикистонга 1,8 миллиард доллар ёрдам кўрсатган. Ушбу ёрдам Тожикистонда хавфсизлик, иқтисодий ривожланиш, соғлиқни сақлаш, фуқаролик жамияти ва таълимни қўллаб-қувватловчи дастурлар билан тараққиёт ҳамда хавфсизлик соҳасида бўлди.

Аввалроқ, шу йилнинг сентябрида  Politico нашри Тожикистон АҚШдан ўнлаб ҳарбий вертолёт ва самолётлар олиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.

2021 йилнинг августида Толибон Кобулни эгаллаб олганида, АҚШ назоратидаги Афғонистон Ҳарбий-ҳаво кучлари учувчилари фойдаланишга яроқли барча самолётларнинг чорак қисмини яъни 46 донаси билан Ўзбекистон ва Тожикистонга учиб кетишган. Бу ҳақда АҚШнинг Афғонистонни қайта тиклаш бўйича махсус инспекциясининг 2022 йил учун ҳисоботи тасдиқлайди.

Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS) томонидан таҳлил қилинган сунъий йўлдошдан олинган суратларида Cessna-208 бир двигателли перванеллар, Бразилиянинг A-29 Super Tucano енгил ҳужумчи самолётлари, Ми-17, Ми-25 вертолётлари ва АҚШнинг UH-60 Black Hawk  самолётлари акс этган. Black Hawk  кўп мақсадли ҳарбий вертолётлар. Бу самолётларнинг аксарияти аввалроқ Вашингтон томонидан Афғонистон ҳаво кучлари салоҳиятини ошириш учун Кобулга етказилган эди.

Пентагоннинг юқори мартабали мулозими ва Конгресс ёрдамчисининг Politico  нашрига айтишича, АҚШ расмийлари сўнгги бир йил давомида АҚШ армиясининг базалари йўқ бўлган Марказий Осиёда ўз ўрнига эга бўлиш учун самолётлардан фойдаланиш учун яширин иш олиб боришган.